Халқаро жиноят маҳкамаси Қаддофий устидан текширув ўтказади

Луис Морено-Окампо Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Халқаро Жиноят Маҳкамаси бош қораловчиси Ливиядаги зўравонликлар учун масъул шахслар албатта жазоланишини айтади

Халқаро Жиноят Маҳкамаси Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий ва унинг ўғиллари инсониятга қарши жиноят қилиш гумони билан текширувга тортилишини эълон қилган.

Бош қораловчи Луис Морено-Окампога кўра, Ливияда ҳеч ким дахлсиз қолмайди.

"Муаммар Қаддофий ва унинг атрофидагилар жиноий ҳаракат қилган бўлсалар, албатта жазога тортиладилар," деб айтган Луис Морено-Окампо.

"Оддий фуқароларни қирғин қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ," дея илова қилган Халқаро Жиноятлар Маҳкамасининг бош қораловчиси.

Ливияда 17 февралда бошланган тартибсизликлар чоғида намойишчиларнинг хавфсизлик кучлари томонидан нишонга олиниши оқибатида минглаб одамларнинг ҳалок бўлгани гумон қилинади.

Полковник Қаддофий мамлакатнинг аксар ҳудудлари устидан назоратни бой берган эса-да, курашни давом эттиришга онт ичган.

Пайшанба куни унинг кучлари нефтга бой Брега шаҳрига ҳаво ҳужумларини уюштирганлар.

Бир кун аввал айни шаҳарда Қаддофий тарафдорлари ва унга қарши бўлган кучлар ўртасида юз берган тўқнашувларда 14 одам ҳалок бўлганди.

Жаноб Морено-Окампо полковник Қаддофий, унга энг яқин бўлган мулозимлар ва унинг ўғиллари текширилишини айтган.

"Прокуратура идораси Ливияда 15 февралдан бошлаб содир этилаётган инсониятга қарши жиноятлар юзасидан текширув ўтказишга қарор қилди," деб айтган Морено-Окампо.

"Келгуси ҳафталарда прокуратура энг жиддий ҳодисалар учун, Ливияда содир этилган энг жиддий жиноятлар учун ким масъул бўлгани юзасидан текширувлар олиб боради," дея хулоса қилган Халқаро Жиноят Маҳкамасининг бош прокурори.

У содир этилган жиноятлар юзасидан мухолифат ҳам жавобгарликка тортилиши мумкинлигини билдирган.