Россияда крепостнойлик ҳуқуқи бекор қилинганига 150 йил тўлди

Крепостнойлик ҳуқуқини бекор қилган қонун Фото муаллифлик ҳуқуқи library
Image caption Россияда крепостнойлик бекор қилинганининг 150 йиллиги кенг нишонланмоқда

Россияда крепостнойлик ва қулликнинг барча кўринишлари бекор этилганига бугун 150 йил тўлди.

Ушбу мавзуъ Россия рўзномаларида марказий ўрин эгаллаган.

1861 йил Рус подишоҳи Александр II чиқаргарган қарор бўйича, 20 миллиондан ортиқ деҳқон крепостнойлик кишанидан озод этилганди.

Россия шаҳарларида крепостнойлик тузуми бекор қилингани бугунги кунда байрам сифатида нишонланмоқда.

Шимолий пойтахт Сакт-Петербургада подишоҳ Александр II қабрига гулчамбарлар қўйиш маросимлари қатори илмий конференциялар ҳам ўтказилмоқда.

Расмийлар крепостнойлик ва қулликнинг барча кўринишлари бекор этилгани, Россия учун тарихий роль ўйнаганини таъкидлашади.

Крепостной тузумнинг бекор этилгани бир ярим аср тўлганига қарамасдан, Россияда қуллик қолдиқлари ҳануз бартараф этилмагани айтилади.

Замонавий крепостнойлик

Ўзбекистонлик Аҳмаджон ўтган йили Россияда қуллик ҳаётини бошидан кечирган муҳожирлардан бири.

Аҳмаджон ва унинг олти нафар шериги ҳуқуқ фаоллари ёрдамида қуллик кишанидан озод этилганлар.

"Ўзини Руслан деб таништирган йигит бизни Виборг шаҳрига "яхши маош берамиз," деб ишга олиб кетди. Биз етти киши эдик. Олдин ҳам у ерда ишлагандик. Шунга ишониб, бордик. Бир неча кун ишлаганимиздан кейин, пул сўрадик. Руслан маошимизни бермади. Кейин милиция ўртоқларини келтириб, бизни тўппонча билан "отиб ташлайман," деб қўрқитди. Паспортларимизни тортиб олди. Орадан ўн кунча ўтгандан кейин, мен Виборгдаги танишларимга қўнғироқ қилдим. Улар "Мемориал" ташкилотига хабар етказишди. Кейин бизни милиция ходимлари озод этишди,” деб эслайди Аҳмаджон.

Озод этилган муҳожирларга кўра, ўзбекистонликларни қуллик шароитида ишлатган маҳаллий фуқаро жиноий жавобгарликка тортилмаган.

Ҳуқуқ фаоллари фикрларича, Россияда асосан Марказий осиёлик муҳожирлар қуллик тузоғига илинади.

Ўзбекистонлик ўқитувчи Илҳомбек йўқчилик дастидан ўз касбини ташлаб, Россияга иш излаб келганлардан бири.

Унинг айтишича, Ўзбекистондаги иқтисодий шароит, фуқароларни Россиядаги қуллик шароитига тоқат қилишга мажбур этмоқда.

"Ўзбекистонда 12 йил ўқитувчилик қилдим. Маошнинг камлиги боис Россияга ишга келишга мажбур бўлдим. Бу ерда қурилишда ишладим. Албатта, бу ерда иш берувчи томонидан алдаш ҳоллари кўп учрайди. Барибир хатар жуда кўп. Баъзида пул беришади, базида беришмайди. Лекин, шунга қарамасдан, ҳар қандай шароитга жидашга мажбурмиз. Айримлар ойлаб, ҳатто йиллаб давомида ишлаб, ўз иш ҳаққини ололмай юрганлар ҳам бор,” дейди ўзбекистонлик ўқитувчи-муҳожир.

Ўз навбатида Россия расмийлари муҳожирларнинг қуллик шароитига дучор бўлиш ҳоллари жуда кам учрашини урғулашади.

Расмийлар фикрларича, Россияда Марказий осиёликларнинг алданиш ва қуллик шароитига тушишларига, кўп ҳолларда муҳожирларнинг ватандошлари сабабчи бўлишади.