Покистонда юз берган портлашда кўп инсонлар нобуд бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи STR AFP

Покистоннинг Файзобод шаҳрида жойлашган газ тўлдириш станциясида машинада ўрнатилган бомба портлатилган, оқибатда камида 20 киши ҳаётдан кўз юмган, 100 нафар инсон тан жароҳати олган.

Полициянинг айтишича, портловчи восита ишга солинаркан, станциядаги қатор газ цилиндрлари ҳам портлаган, автомашиналар ва бинолар вайрон бўлган.

Расмийлар нобуд бўлганлар сони ортиши мумкинлигидан огоҳлантиришган. Уларга кўра, ҳамон одамлар вайроналар тагида қолиб кетишган.

Покистон тўқимачилик саноатининг асосий марказларидан бири бўлган Файзобод шаҳри шу пайтгача камдан ­­­– кам ҳолларда жангарилар тарафидан нишонга олинган.

'Худкушлик ҳужуми эмас'

"Бу худкушлик ҳужуми эмас эди. Ўрнатиб кетилган бомба портлатилди. Бомба газ цилиндрлари яқинида портлади ва каттароқ портлашга сабаб бўлди", дейди Покистон расмийларидан бири Тоҳир Ҳусайн.

Покистонда кўплаб автомашиналар сиқилган табиий газ билан юради.

Айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, портлаш юз берган газ тўлдириш станцияси Покистон Жосуслик Хизматига қарашли идоралар яқинида жойлашган.

Ҳодиса жойи яқинидаги Покистон Халқаро Ҳаво йўллари идораси хавфсизлик қўриқчиси: “Биз газ станциясидан портлаш овозини эшитдик. Ер худди зилзила бўлгандек силкинди ва у ердан қалин тутун атрофга ёйилди”, деб айтган.

Телетасвирларда қулаб тушган бинолар ва ёниб кетган автомашиналар акс этган.

"Баъзи одамлар бино вайроналари остида қолиб кетишган. Биз уларни зудлик билан қутқариш учун кранлар ва асбоб-ускуналарни жўнатдик", дейди Ҳусайн жаноблари.

Минтақа полицияси бошлиғи Офтоб Чеема "биз ўлганлар сони ортиши мумкинлигидан қўрқаяпмиз, чунки айрим жароҳатланганларнинг аҳволлари оғир", дейди.