Рамзан Қодиров спорт орқали жаҳон эътиборини Чеченистонга қаратмоқда

Қодиров ва Дунга Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Разман Қодиров Чеченистонда тинчлик ўрнатилганини тарғиб этишга бел боғлаган

Фубол бўйича Бразилия терма жамоасининг собиқ юлдузлари Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бошлиқ жамоани мағлубиятга учратди.

Ўйин 6:4 ҳисобида Бразилияликлар фойдасига якунланди.

Чеченистон пойтахти Грознийда уткан ўйинда Рамзан Қодиров икки ўн бир метрлик жаримани дарвозага кирита олмади.

Бразилия жамоаси сафида футбол юлдузлари Дунга, Ромарио, Бебето, Зико ва Кафулар тўп сурган бўлсалар Чеченистон терма жамоаси сафида Вагиз Хидиятуллин, Владимир Бесчастных ҳамда Олмония терма жаоасининг собиқ раҳбари, жаҳон чемпиони Лотар Маттеус майдонга тушган.

Кузатувчилар фикрларича, Бразилия футболчилари иштирокидаги ўйин билан Россия раҳбарияти жамоатчиликни Чеченистонда тинчлик барқарор бўлганига ишонтирмоқчи.

Ўйиннинг биринчи қисмида "Терек" Грозний жамоасининг мураббийси Рууд Гуллит чеченистонлликлар сафида Бразилия футбол юлдузларига қарши тўп сурди.

Ўйинда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бразилияликлар дарвозасига икки гол урган эса-да, икки марта 11 метрлик жарима тўпини кирита олмади.

Бразилия терма жамоаси фахрийлари ва "Терек" Грозний беллашуви 6:4 олтию тўрт ҳисобида, бразилияликлар фойдасига якунланди.

Ўйин бошланишидан олдин Рамзан Қодиров Бразилия терма жамаси фахрийлари пойтахт Грознийда текин тўп суришга рози бўлишганини билдирди.

"Бразилия футболчилари маош учун эмас, Чеченистон халқига ҳурмат белгиси сифатида ўйнашади. Чеченистонда бутунлай тинч вазият ҳукм сурмоқда. Бирор фавқулода ҳодиса юз бергани йўқ," деб айтди Чеченистон раҳбари.

Айни вақтда "Шимолий Қафқоз" газетасининг мухбири Руслан Мартаговга кўра, Чеченистон ҳудудида "тинчлик ҳукм сурмоқда деб айтиш ҳали эрта".

"Рамзан Қодиров Чеченистонда тинчлик барқарор бўлгани ва жуда кам бўлгинчи қолгани ҳақида биринчи марта оғиз очаётгани йўқ. Қодиров ҳар йил бундай баёнотлар билан чиқади. Лекин аслида республикадаги вазият унчалик ўзгармаган. Оддий аҳоли хафсизлиги, олдинги йилларга қараганда анча яхшиланган, албатта. Лекин амалдорлар, милиция ходимлари хафсизлиги тўла таъминланган деб айтиш қийин," дейди Руслан Мартагов.

"Вести Кавказа" ахборот агентлигининг раҳбари Алексей Власовнинг айтишича, Чеченистонда футбол бўйича ўтказилаёткан тадбирлар, республикадаги вазиятнинг яхшиланаётганидан далолат беради.

"Рамзан Қодиров эндиликда Чеченистон муаммоси деярли ҳал этилганини тарғиб этмоқда. Бразилияликларни футбол ўйнашга давъват этиш билан, у Чеченнистон сиймосини ўзгартиришга уринмоқда. Ушбу тадбир албатта, нафақат россиялик, балки хорижий сармоядорларга ҳам қаратилган," дейди Алексей Власов.

Рамзан Қодиров Чеченистонда соғлом ҳаёт ва турли спорт ўйинлари тарғиботчиларидан.

У "Терек" футбол жамоасининг президенти ҳисобланади.

Яқинда таниқли Ҳолланд футбол мураббийси, бир вақтлар футбол юлдузи бўлган Рууд Гуллит "Терек" жамоасига муррабий этиб тайинланиши футбол оламида катта шов шувларга сабаб бўлди.