Халқаро Қизил Хоч: Ливияда фуқаролар уруши бошланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Аксилқаддофий исёнкорлар Рас Лануф нефт шаҳридан ҳам сиқиб чиқариларкан, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Ливиядаги вазиятни фуқаролар уруши деб баҳолади.

9 март куни Ливия давлат телевидениеси Завия шаҳри ҳукумат кучлари назорати остига ўтгани ҳақида хабар тарқатди.

Завия бир неча кун мобайнида қўлдан-қўлга ўтди.

Завияликлар шаҳарга кўплаб танклар, аскарлар кирганини, шаҳарни қўлга киритиш мақсадида оғир артиллериядан фойдаланилгани оқибатида кўплаб бинолар қулаб тушганини айтдилар.

Кўп одамлар шаҳарни тарк этганлар.

Қизил Хоч ташкилоти президенти Жакоб Келленбергернинг айтишича, Ливиядаги аҳволни фуқаролар урушидан бошқа сўз билан тасвирлаб бўлмайди.

"Биз ҳозир халқаро бўлмаган низога гувоҳ бўлиб турибмиз. Табиатан уни фуқаролар уруши деб аташ мумкин. Ҳозирда бундан ҳам баттар ҳолатларга тайёр туришимиз керак", деди Қизил Хоч раҳбари.

Қизил Хочга кўра, Ливиянинг катта ҳудудларига инсонпарварлик ёрдамлари етиб бормаяпти.

Энг кўп азоб-уқубат оддий халқнинг бошига тушмоқда.

Кучли замбарак ўқлари ва ҳаводан бомбардимон Ливия шимолидаги нефт шаҳри Рас Лануфдан исёнкорларни сиқиб чиқарган.

Ливия давлат телевидениеси Рас Лануфдан ғарбда жойлашган Сидра нефт шаҳрини ҳам Қаддофий кучлари қўлга киритгани ҳақида хабар берган.

Айни пайтда Франция Ливия исёнкорлари раҳбарияти - Миллий Муваққат Кенгашини мамлакатнинг легитим ҳукумати сифатида тан олган.

Пайшанба куни НАТО аъзолари Брюсселда Ливиядаги ҳодисаларга аралашиш йўлларини муҳкама этиш учун йиғилганлар.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен сўзларига кўра, иттифоқ Ливиянинг ишларига аралашмоқчи эмас, аммо ҳарбийларга ҳар қандай ҳолатлар учун режалар тузиб чиқиш топшириғи берилган.

Шимолий иттифоқ вакилларига кўра, ҳар қандай ҳарбий амалиёт, шу жумладан Ливия устида парвозлар тақиқланиши БМТ Хавфсизлик кенгаши санкцияси билан амалга оширилиши лозим.