Японияда юз берган қаттиқ ер силкиниши цунамига сабаб бўлди

Япония Фото муаллифлик ҳуқуқи NHK

Япония шимоли-шарқида йирик зилзила ортидан кузатилган цунами жуда катта вайронагарчиликларни келтириб чиқарган.

Магнитудаси 8.9ни ташкил этган ер силкиниши Токио дохил қатор ҳудудларда ёнғинга ҳам сабаб бўлган.

Зилзила эпицентри пойтахтдан 400 чақирим узоқда қарийб 32 километр чуқурликда экани айтилади. Кейинги силкинишлар ҳам ўта кучли кечган.

Зилзила маҳаллий вақт билан 14:46да рўй берган. Сейсмологларнинг айтишича, бу кўп йиллардан бери Японияда кузатилаётган энг йирик ер силкинишларидан биридир.

Япония Метеорологик тадқиқотлар маркази матбуот котиби Ҳирофуми Якояма бу Японияда қайд этилган энг кучли зилзила эканини айтган.

Расмийларнинг айтишларича, цунами тўлқинлари Япониянинг Мияги ва Фукушима префектураларига келиб урилган.

Япония телевидениеси тўлқинлар автомашиналар, кемалар ва ҳатто биноларни оқизиб кетаётганини кўрсатган.

Зарар кўламини аниқлаш мушкул

Зилзила етказган зарар кўлами ойдинлаша бошлаган.

Аммо, расмийларга кўра, зилзиладан шунчалар катта зарар етганки, уни ҳисоб-китоб қилиш ўта мушкул.

Полицияга кўра, ер силкиниши боис юзага келган цунами ортидан мамлакат шимолидаги Сендай шаҳарчасида 300га яқин жасад топилган.

Кўплаб одамлар ҳамон бедарак кетган. Японияда қайд қилинган энг кучли зилзила натижасида денгиз тўфони юзага келиб, тўлқинлари бир неча метр баландга кўтарилган.

Телелавҳаларда тўлқин ювиб кетаётган машиналар, уйлар ва кемалар кўрсатилмоқда.

Аввалроқ, 190 га яқин одамни элтаётган кема оқиб кетгани ва кема тақдири маълум эмаслиги хабар берилганди.

Соҳил бўйида жойлашган энг йирик шаҳар - Сендай ва унинг атрофидаги ҳудудларни цунами тўлқинлари ювиб ўтган, йирик ҳудудларга ўт кетган. Токио яқинидаги нефт омборхонасида йирик ёнғин бошланган. Катта экин далаларини цунами ювиб кетган.

Япония шимолида тезюрар поездлар хизмати тўхтатилган, айрим ядровий қувват иншоотлари автоматик равишда ёпилган.

Бош вазир Наото Кан телевизион мурожаатида табиий офатдан жабр кўрганлар оилаларига ҳамдардлик изҳор қилган ва цунами оқибатларини баратараф этиш учун фавқулодда амалларга қўл урилаётганини билдирган.

"Биз ҳалокатни бартараф этиш учун махсус марказ ташкил этдик. Зарар миқёсини иложи борича камайтиришга ҳаракат қиламиз", деб айтган Япония Бош вазири.

Огоҳлантиришлар

Япониядаги цунами Тинч уммони барча соҳиллари, жумладан Жанубий Америка ва Қўшма Штатларнинг баъзи нуқталарида юз бериши мумкинлиги юзасидан огоҳлантирилмоқда.

Халқаро Қизил Хочга кўра, ер силкиниши ортидан пайдо бўлган тўлқинлар Тинч уммони ҳавзасидаги баъзи оролларга янада баландроқ бўлиб етиб бориши мумкин.

Бироқ, дастлабки хабарларга кўра, Гавайя, Курил Ороллари ва Тайванда тўлқинлар баландлиги аввал хабар қилинганидек юқори бўлмаган.

Цунами ҳақидаги огоҳлантиришлар ортидан Россия Курил оролларидан 11 минг одамни эвакуация қилган.

Россия Президенти Дмитрий Медведев Курил ороллари ва Сахалинда фавқулодда ҳолат эълон қилган.