Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик олим: 'Фукусима АЭСдаги ҳалокат даражаси у қадар катта эмас'

Япония ҳукумати зилзила ва цунами ортидан катта шикаст еган Фукусима атом электр станциясида қизиб кетаётган реакторларга ҳаводан сув пуркаш чораларини тўхтатишга мажбур бўлганини айтмоқда. Чунки, АЭС узра радиация даражаси юқори бўлиши мумкин деган хавотирлар мавжуд.

Баъзи таҳлилчилар айни дамда агар реакторлар портласа, шундоқ ҳам зилзила ва цунамидан катта талофат кўрган Япония учун ўта жиддий фожеа юзага келиши мумкинлигини айтишади.

Тошкентдаги Ядровий Физика Институти собиқ ходими Наубет Бисеновнинг айтишича, Фукусима Атом Электр Станциясидаги ҳалокат даражаси у қадар катта эмас.

Наубет Бисенов: Манимча, мана шу Фукусима АЭСида юз берган ҳодисалар унчалик хавфли эмас. Япония ҳукуматининг зилзила ва цунамидан кейин қилган ҳаракатлари катта ҳалокатни олдини олди. Шунинг учун, мен ҳозир Фукусима АЭС реакторларида катта ҳалокат бўлмайди, деб ўйлайман.

Би-би-си: Лекин, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам, халқаро мутахассислар, Япония ҳукуматининг ўзи томонидан ҳам хавотирлар жуда катта бўляпти. Айтишларича, реакторлар қизиб кетмоқда, уларнинг совуткичлари барбод бўлган. Мана шунингз ўзи радиация келиб чиқишига етаклайдиган ҳол эмасми?

Наубет Бисенов: АЭСнинг мана шундай зилзила ёки цунами бўлганида реакторни тўхтатадиган хавфсизлик системаси бўлади. Лекин, зилзиладан кейин цунами суви келиб ҳамма шу системаларга зарар етказган. Шунинг учун, реактор ўз-ўзини тўхтата олмай қолган. Фукусима реакторлари жуда қизиб кетяпти. Мана шуни тўхтатиш учун япон ҳукумати денгиз сувини олиб ўша реакторлар тепасидан қўймоқда.

Би-би-си: Шу ишлар билан реакторларнинг портлаб кетишини олдини олиш мумкинлигини айтаяпсиз, лекин агар реакторлар портласа, радиация даражаси нақадар катта бўлиши мумкин, қаергача етиши мумкин?

Наубет Бисенов: Ҳозир энг катта нурланиш даражаси 400 мЗв соатига деб айтиляпти. Лекин, бу реакторлар портлаганда ҳам уларнинг сиртида махсус контейнерлар бор. Мана шу контейнерлар реакторлар портлаганда ҳам нурланишни ташқарига чиқармай ушлаб қолади. Реакторлар портлаганда ҳам, Чернобилдагига ўхшаш катта даражали ҳалокат бўлмайди. Реакторлар портлайдиган бўлса, зарарланиш зонаси 20-30 километрдан ортиқ бўлмайди, деб баҳоланади.

Би-би-си: Айни пайтда атом энергияси бошқа энергия заҳиралари тугаб бораётган бир пайтда келажакдаги ишончли энергия сифатида кўрилади. Аммо, ана шундай ҳодисалар атом энергиясининг нақадар фожеали, ҳалокатли ва инсонлар учун қанчалар хавфли нарса эканини кўрсатмайдими?

Наубет Бисенов: Мана шундай воқеалар атом энергиясини хавфли этиб кўрсатади. Лекин, олимлар ва инженерлар мана шунақа воқеалардан дарс оладилар. Улар ҳозиро Фукусима АЭСида бўлган воқеаларни таҳлил қилиб, келажакда шундай вазият бўлмаслиги устида бош қотирадилар.