Баҳрайн: Полиция Марварид майдонида намойиш қилаётганларни қувиб солмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Намойишлар бир ойдан бери давом этади

Баҳрайн пойтахти Манама марказида хавфсизлик кучлари танкларда ҳаракатланаётганлари хабар қилинади.

Би-би-си мухбирига кўра, улар тонг отиши биланоқ пайдо бўлишган.

"Намойишчилар барикадалар ташкил этишди, аммо бу ҳарбийлар йўлини тўса олмади. Вертолётлар айланма йўл тепасида учмоқда ва ўша ердан қалин тутун кўкка ўрлайди. Айрим намойишчилар бензиндан тайёрланган қўлбола бомбалардан фойдаланганлари ҳақида хабарлар бор, аммо махсус полиция кучлари ҳозир Марварид майдонига етакловчи йўл назоратини тўла қўлга олишган. Майдон демократик ўзгаришлар учун курашаётган мухолифатнинг рамзий таянч нуқтаси эди", дея хабар қилади Би-би-си мухбири

Аксари шиалардан иборат намойишчилар сиёсий ислоҳотларни талаб қилишмоқда. Полиция кўздан ёш оқизувчи газ қўллаши оқибатида камида уч намойишчи нобуд бўлган.

Мамлакатнинг сунний раҳбарлари бир кун олдин уч ойлик комендантлик соати эълон қилишган ва Саудия қўшинларини тартибни сақлашга чақиришганди.

Сешанба кунги тўқнашувларда камида икки инсон ҳаётдан кўз юмган ва 200дан ортиқ киши тан жароҳати олган.

Шифохона ўраб олинган

Қўшинлар ҳозир Салмония касалхонасини ўраб олишган. Ичкаридаги шифокорлардан бири тез ёрдам ходимларига ҳам кириб чиқишга рухсати берилмаётганини айтди.

Шунингдек, яраланганлар масжидлар ва уйларда муолижа қилинаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Пойтахт ҳозир ёпиб қўйилган. Полиция назорат нуқталари туфайли ҳаракатланиш мутлақо мумкин эмас.

Мухбиримизга кўра, шаҳарнинг бошқа қисмларида ўқ овозлари қулоққа чалинади. Инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам ўлим ҳоллари ва шаҳарнинг айрим қисмларида ҳақиқий ўқлар қўлланилаётгани ҳақида хабар қилишди.

Шу билан бирга ўнлаб одамлар тан жароҳати олганлари айтилади. Аммо, Би-би-си мухбирига кўра, жабр чекканлар сони борасида аниқ рақамларни айтиш имконсиз.

Сиёсий ислоҳотлар талаби

525, 000 аҳолига эга Баҳрайнда норозилик намойишлари ўтган ой бошланди. Мамлакатда кўпчиликни ташкил этган шиалар иқтисодий мушкулотлар, сиёсий эркинлик йўқлиги ва ишга кириш жараёнида таҳқирланишларга дуч келишларидан шикоят қилишади.

Сешанба кунги тўқнашувлардан аввал бир ойдан бери давом этаётган намойишлар мобайнида етти киши нобуд бўлгани хабар қилинганди.

Мамлакат Подишоҳи Ҳамад 26 феврал куни ўз ҳукумати таркибини қайта тузиб чиқди. У тўрт нафар вазирини алмаштирди, аммо, у 40 йилдан бери вазифасида қолаётган Шайх Халифа бин Салмон ал-Халифани ишдан ҳайдамади.

Намойишчилар Тунис ва Мисрдаги қўзғалонлардан илҳомланганлар. Тунис ва Мисрда кечган норозилик намойишлари орқали узоқ йиллардан бери мамлакатни бошқариб келган президентлар қудратдан четлатилди.

БМТ, Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатлар Баҳрайн ҳукуматини куч қўллашдан тийилишга ва инқирозга сиёсий ечим топишга чақирганлар.

Бироқ, Би-би-си мухбирларига кўра, ўзаро мулоқот истиқболлари ҳар бир ўқ отилиши билан ортга чекинмоқда.