Россия: Медведев Путинни Ливия ҳақидаги сўзлари учун танқид қилди

Image caption Ливия масаласи икки раҳбар ўртасидаги биринчи ошкора келишмовчиликка сабаб бўлган

Президент Медведев Бош вазир Путинни ғарбнинг Ливияга ҳаво ҳужумлари ҳақида айтган сўзлари учун танқид қилган.

Икки арбоб ўртасида биринчи марта юз бераётган ошкора келишмовчиликда жаноб Медведев Путиннинг "салб юриши" иборасини қўллаши " "қабул қилиб бўлмас" эканини таъкидлаган.

Аввалроқ Владимир Путин ғарб давлатларининг Ливияга ҳужумларини насронийларнинг салб юришига ўхшатган ва БМТнинг Ливиядаги тинч фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган резолюциясини ҳам танқид қилган эди.

Унга кўра, Ливиядаги ҳукумат демократик эмас, аммо бу билан харбий амалиётни оқлаб бўлмайди.

Жаноб Путин шунингдек, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашиш АҚШ ташқи сиёсатидаги йўналишга айланганини айтган.

Россиянинг қанотли ракеталар ишлаб чиқарувчи заводида ишчиларга гапирган Владимир Путин "тинч фуқароларни ҳимоя қилиш баҳонасида тинч фуқаролар ўлдирилмоқда. Мантиқ қани?" деган.

Унга кўра, Ливияга ҳужум Россиянинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш қарори қанчалик оқилона бўлганини кўрсатади.

'Тўғри қадам'

Россия хабар агентликларининг Президент Медведевдан иқтибос келтиришича, Москва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ливия борасидаги қарорини нотўғри деб ҳисобламайди.

Жаноб Медведевга кўра, шунинг учун ҳам Россия резолюцияга вето қўймаган.

"Бугун биз нима қилаётганимизни тушунмаган эдик, дейиш нотўғри бўлади, биз буни онгли равишда қилдик", деб айтган Президент Медведев.

У Ливия борасидаги баёнотларда "максимал равишда аниқ" бўлиш кераклигини таъкидлаган.

"Аксинча, деган у, - ҳаммаси ҳозирги вазиятдан ҳам кўра ёмонроқ оқибатга олиб келиши мумкин".

"Ҳеч қандай ҳолатда моҳиятан тамаддунлар тўқнашувига олиб келадиган ибораларни ишлатмаслик керак. "Салб юриши" ва ҳоказо қабилида. Бу қабул қилиб бўлмасдир. Буни ҳеч ким эсидан чиқармаслиги керак", - деб айтган жаноб Медведев.

Россия матбуоти Москванинг Ливия борасидаги мавқейи бир хил эмаслигига эътибор қаратган.

Аммо Кремл бу борада ҳеч қандай зиддият йўқлигини айтмоқда.