Энди Ўзбекистон ва Россия орасидаги вақт ўзгармайдиган бўлди

Image caption Бу йилдан бошлаб Россияда соат миллари йил давомида ўзгаришсиз қоладиган бўлди

Россияда 27 мартга ўтар кечаси соат миллари сўнгги бор "ёзги вақтга" ўтди ва бундан буён қишда ҳам, ёзда ҳам ўзгармайдиган бўлди.

Россия оммавий-ахборот воситаларига кўра, президент Дмитрий Медведевнинг буйруғи билан шу йил куз ойидан бошлаб "ёзги вақтдан" "қишки"сига ўтилмайди.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Россия раҳбари соат милларини йилига икки марта ўзгартиришдан воз кечиш қарорини жорий йилнинг 8 феврал куни эълон қилганди.

Президент Медведевнинг айтишича, соат милларининг ўзгаришига мослашиш инсонларда руҳий сиқилиш ва бошқа турли хасталикларга сабаб бўлади.

Россияда эса, ҳали 1917 йилда "ёзги вақт"га ўтиш бошланган ва 1930 йилгача бунга амал қилинган.

Аммо 1981 йилдан бошлаб Шўролар Иттифоқида соат милларини ўзгартириш мунтазам тус олади.

Мартнинг сўнгги якшанбаси ёки апрелнинг бошида соат миллари бир соат олдинга ўтказилиб, октябр ойининг охирида бир соат орқага қайтарилади.

"Ёзги вақт"га ўтиш тартиби Россиянинг қатор минтақаларида норозиликларга ҳам сабаб бўлганди.

Дейлик, 2010 йилнинг декабрида уни бекор қилиш талаби билан бир неча минг кишилик норозилик намойиши ҳам бўлиб ўтганди.

Лекин шу билан бир вақтнинг ўзида дунёнинг 110 давлатида ҳануз бу каби тартиб амал қилади.

Соат милларини "қишқи" вақтдан "ёзги"сига ўтказиш ғояси электр энергиясини тежаш мақсадида ўтган асрнинг бошларида ўртага ташланган.

"Ёзги" ва "қишки" вақт тартиби биринчи бўлиб 1908 йилда Англияда жорий этилган. Америка Қўшма Штатларида эса, 1918 йилдан бошлаб амал қилади.

Ҳозир бу тартиб барча Оврўпо давлатларида, бундан ташқари, Канададан Австралиягача кузатилади.

Ўзбекистон дохил қатор собиқ МДҲ давлатларида эса, қишда ҳам, ёзда ҳам соат миллари ўзгармайди.