Рўмолсиз қўшиқчи концертини уюштирган Ҳелманд расмийси вазифасидан олинди

Image caption Ҳелманддаги қабила раҳбарлари рўмолсиз қўшиқчининг саҳнага чиқиб куйлашидан шикоят қилдилар.

Наврўзни нишонлаш кунлари Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида ҳижобсиз аёл қўшиқчининг концертини ташкиллшатирган ҳоким ўринбосари ишдан олинди.

Афғонистон президенти Ҳомид Карзай ҳоким ўринбосари Абдул Саттор Мирзаквални қабила раҳбарлари шикоятларидан сўнг вазифасидан бўшатди.

Санъаткорлар Фарзона Ноз ва Рита Вигма қатнашган концертга 12 мингга яқин тамошабин келган ва маҳаллий расмийлар буни ўзларининг катта муваффақиятлари дея таърифлагандилар.

Ҳелманд Афғонистоннинг энг анъанадор ва беқарор вилоятларидан биридир.

Афғонистондаги хориж кучлари охирги йил мобайнида вилоятда Толибларга қарши қатор кенг миқёсли амалиётларни ўтказгандилар.

Мухбирларга кўра, бу каби йирик концертнинг ташкил этилиши вилоятда хавфсизлик вазиятининг яхшиланиш белгиси сифатида кўрилганди.

Аммо Афғонистон Олий Маҳкамаси расмийларининг айтишларича, маҳаллий қабилалар раҳбарлари икки аёл қўшиқчисининг рўмолсиз саҳнада чиқишлари юзасидан шикоят қилдилар.

"Афғонистон сингари исломий давлатда аёллар бурқасиз ё рўмолсиз омма ўнгига чиқмайдилар. Мирзаквал исломий анъаналарни ҳурмат қилиши керак эди", деди маҳкаманинг исмини ошкор этмаган расмийси.

Афғонистонда маҳаллий раҳбарлар номзодларини таклиф этиш ва вазифаларидан бўшатиш билан шуғулланувчи мустақил бошқарманинг билдиришича, президент Карзай ҳоким ўринбосарни бўшатишдан аввал улар билан маслаҳатлашмаган.