АҚШ армияси "Rolling Stone" журналида чоп этилган суратлар учун кечирим сўради

АҚШ кучлари

Қўшма Штатлар аскарларининг оддий Афғон фуқароларининг жасадлари ўнгида тушган суратлари "Roling Stone" журналида чоп этилиши ортидан АҚШ армияси кечирим сўраган.

АҚШ армияси баёнот чиқариб, "Rolling Stone" журналида нашр этилган суратлар Америка армияси қадриятларига зид эканини билдирган.

Ўхшаш суратлар ўтган ҳафта Олмониянинг "Der Spiegel" газетасида нашр этилганди.

Оддий афғон фуқароларининг шу йил аввалроқ ҳалок этилгани ишонилади.

Америка Мудофаа вазирлиги иккала нашрия чоп этган суратларни "бир хилда таъбни хира қилувчи," дея баҳолаган ва ҳарбийларнинг бундай амалларини қаттиқ қоралашини билдирган.

Баъзи суратларда икки америкалик аскарнинг мурдалар ўнгида тиззалаб тушгани тасвирланган.

Уларнинг иккаласи ҳам ўлик шахс бошини кўтариб кемерага қаратшган.

Яна бир америкалик аскар эса захарханда қилиб турибди.

"Rolling Stone" журналининг муҳаррири Эрик Бэйтс ҳаммаси бўлиб 150 та фотосуратни қўлга киритганини айтади.

Улардан 17 таси журнал веб саҳифасида чоп этилган.

Бундан ташқари веб саҳифада АҚШ ҳарбийларининг афғонларга қилган ҳужуми тасвирланган видео лавҳалар ҳам намойишга қўйилган.

"Der Spiegel" газетаси ҳам, "Rolling Stone" журнали ҳам суратлар қандай қўлга киритилгани ҳақида маълумот бермаган.

АҚШ армияси махсус баёнот чиқариб, кечирим сўраган. Унда жумладан шундай дейилади:

"Нашр этилган суратлар хижолатга қўювчи ва Қўшма Штатлар Армияси меъёрлари ва қадриятларига мутлақо зиддир. Армия сўнгги суратлар учун кечирим сўрайди. Ушбу жиноятлар учун масъулиятни Армия тўлалигича ўз зиммасига олади."

Ҳозирда Америка армияси аскарлар ҳарбий маҳкамага тортилганини айтмоқда.

Америка армияси "ҳақиқат қанчалар ёқимсиз бўлмасин ва уни аниқлаштириш учун қанча вақт сарфланмасин, уни мутлақо ошкор этишга" ваъда берган.

"Армия ҳодиса қандай ва нима учун юз берганини билишни истайди ҳамда бундай ҳодисалар келажакда такрорланмаслиги учун нималар қилиниши зарурлигини белгилаб олади," деб таъкидланади АҚШ армияси баёнотида.

Афғон расмийларидан бири америкалик аскарлар устидан маҳкамани халқ ўнгида ўтказишни талаб қилган.