Ҳиндистоннинг аҳолиси 1 миллиард 210 миллионга етган

Ҳиндистонда 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, сўнгги 10 йил мобайнида мамлакат аҳолисининг сони 181 миллионга кўпайган.

1 миллиард 210 миллион дегани АҚШ, Индонезия, Бразилия, Покистон ва Бангладеш сингари мамлакатлар аҳолисини қўшиб ҳисоблагандагидан ҳам кўпдир.

Аҳолиси кўплиги бўйича Ҳиндистон Хитойдан кейинги дунёнинг иккинчи мамлакатидир.

Хитой аҳолисининг сони 1 миллиард 330 миллион кишини ташкил этади.

Ўтган йили бўлиб ўтган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига жами икки ярим миллион атрофида киши жалб этилган.

Улар мамлакатдаги 7000 шаҳар, 600 минг қишлоқдаги хонадонларга ташриф буюрганлар.

Рўйхатга олишда аҳоли жинсига доир, дини, таълими ва касби бўйича таснифланган.

Кузатувчиларга кўра, Ҳиндистондек мамлакат учун ҳар 10 йилда аҳолини рўйхатга олиш мушкул тадбир ҳисобланади.

Бунинг боиси мамлакат ҳудуди ҳаддан зиёд йирик ва турфа маданиятлар ўрин олган.

Рўйхатга олиш мулозимлари жуда катта сондаги саводсизларни ҳамда миллионлаб бошпанасиз одамларни қайд этганлар.

Аҳолини қайд этмоқчи бўлган мулозимлар учун мамлакатнинг анча-мунча ҳудудларига бориш имкони бўлмаган, сабаби у ҳудудларда маочи исёнкорлар гуруҳи фаолият юритади.