Фил суяги қирғоғида президентликка рақиблар орасида қақшатқич жанглар рўй бермоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Алассан Уаттара кучлари Абиджандаги президент қароргоҳига ҳужум қилмоқдалар.

Фил Суяги қирғоғининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган президенти Алассан Уаттарага содиқ кучлар сайловларда мағлуб бўлган, аммо қудратдан кетишдан воз кечиб келаётган Лоран Гбагбони куч билан кетказишга ҳаракат қилмоқдалар. Фил Суяги қирғоғининг асосий шаҳри бўлган Абиджандаги жаноб Гбагбо қамалиб олган қароргоҳига ҳужум қилинмоқда.

Шаҳар яшовчилари Гбагбо қароргоҳи яқинидан отишмалар ва артиллерия ҳужуми садоси эшитаётганлигини айтмоқдалар.

Лоран Гбагбонинг ўзи омма ўнгида бир неча ҳафтадан бери кўринмайди. Унинг қароргоҳи ўзига содиқ кучлар томонидан ўраб олинган, лекин жаноб Гбагбонинг ўзи ичкаридами-йўқлиги номаълум.

БМТ ва Франса тинчликни сақлаш кучлари Абиджандаги халқаро қўналға устидан назоратни қўлга олдилар.

Алассан Уаттара ҳукумати мамлакатнинг денгиз, қуруқлик ва ҳаводаги чегарлари ёпилгани ва кеч соат 9 дан эрта сота 6 га қадар комендантлик соатини эълон қилди.

Лоран Гбагбо ноябр ойида ўтказилган сайловлардан бери қудратдан кетишдан воз кечиб келмоқда.

Фил Суяги қирғоғи сайлов комиссияси Уаттарани ноябр ойида ғолиб, дея эълон қилганди. Шундан сўнг халқаро ҳамжамият уни Президент, дея тан олди.

Лекин Лоран Гбагбонинг шикоятидан сўнг Конституцион маҳкама Уаттаранинг ғолиблигини бекор қилди ва жаноб Гбагбо қудратдан кетишдан воч кечиб қароргоҳига қамалиб олди.

Уаттара кучлари ҳозирда мамлакатнинг 80 фоиз ҳудуди устидан назоратни қўлга киритганликларини айтмоқдалар.