Покистондаги Сўфий мақбарасидаги қўш худкушлик ҳужумида 40 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган

Покистоннинг Пунжоб вилоятидаги Ҳазрат Саҳи Сарвар Сўфий мақбарасида худкуш ҳужумчилар ўзини портлатиши оқибатида камида 41 инсон ҳалок бўлган, кўплаб кишилар жароҳатланган.

Мақбара Пунжобнинг Дера Ғози Хон туманида жойлашган.

Маҳаллий полицияга кўра, икки худкуш ҳужумчи Ҳазрат Саҳи Сарвар мақбараси остонасида портловчи моддаларни ишга солганлар.

Дера Ғози Хон полицияси зобитининг айтишича, учинчи худкуш ҳужумчи ҳибсга олинган, унинг ёнидаги портловчи модда портламай қолган, у жароҳатланган.

Толибон портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Толибон жангариси Эҳсонулло Эҳсоннинг "Рейтерс" ахборот агентлигига айтишича, Сўфий мақбарасига ҳужум Покистон ҳукуматининг Толибонга қарши мамлакат шимоли-ғарбида амалга ошираётган ҳарбий амалиётларига жавоб амали бўлган.

Ҳазрат Саҳи Сарвар мақбарасига ҳужум Покистонда шу йил бошидан буён Сўфий қадамжосига уюштирилган учинчи ҳужум бўлган.

Толибон бундан олдин ҳам сўфийлик тариқати муқаддас жойларига ҳужум уюштириб келади.

Ўтган йили октябрида ҳам Толибон Пунжоб вилоятидаги мақбарага ҳужум қилган, оқибатда олти инсон ҳалок бўлган эди.

Ундан олдин эса Лаҳордаги мақбарага уюштирилган ҳужум оқибатида 42 инсон ҳалок бўлган, бу сўфийлик қадамжосидаги энг ҳалокатли ҳужум бўлган.

Дера Ғози Хон полициясидан айтишларича, худкуш ҳужумчилар мақбарага яқинлашгалар ва остонада полиция уларни текширишга киришган пайтда ўзларини портлатиб юборганлар.