НАТО Ливияда асосий мақсади тинч аҳолини ҳимоя қилиш эканини айтади

Мисрата
Image caption Мисрата муҳосирада эса-да, ҳамон исёнчилар назорати остида ушлаб турилибди

НАТО унинг асосий вазифаси исёнчилар назоратида бўлган, аммо полковник Муаммар Қаддофий кучлари томонидан муҳосирага олинган Ливиянинг Мисрата шаҳри аҳолисини ҳимоя қилиш эканини айтди.

НАТО матбуот котибасининг айтишича, НАТО етакчилигидаги ҳаво амалиётлари суръати кучаймоқда.

Ливия исёнчиларининг қўмондони Абдул Фаттаҳ Юнус аввалроқ НАТОни Қаддофийпараст кучлар Мисратадаги одамларни ўлдиришига индамай қараб туришда айблади.

"Агар НАТО яна бир ҳафта кутганида эди, қамал остида қолган бу шаҳар аҳолиси қирилиб битарди," деб айтди у Бенғозида мухбирлар билан суҳбатда.

НАТО бошчилигидаги коалицион кучлар БМТ қарори билан фуқароларни ҳимоя қилиши, парвоз таъқиқланган ҳудудни кучда тутиб туриши керак.

Шунингдек, иттифоқчилар ердаги нишонларга ҳам, агар лозим топса, ҳужум қилиш салоҳиятига эга.

НАТО Қаддофий кучларини атайдан қурол яроқларни тинч аҳоли яшайдиган жойларга беркитишда айблайди.

Қаддофий ҳукуматида Ички шшлар вазири бўлиб ишлаган ва феврал ойида исёнкорлар томонига ўтган генералнинг айтишича, НАТО аллақачон Мисрата қамалини тугатиши мумкин эди.

"Аммо НАТО тинч аҳоли орасидан қурбон берилиши эҳтимолидан хавотирда дейди," генерал Абдул Фаттаҳ Юнус.

Аммо, унинг айтишича, Қаддофий кучлари жойлашган минтақада тинч аҳоли вакиллари йўқ.

НАТО ўз навбатида сўнгги халқаро ҳаво ҳужумлари оқибатида Қаддофийнинг ҳарбий қудратига анчайин дарз кетганини айтмоқда.

Бироқ, НАТОнинг даъво қилишича, Қаддофий кучлари қурол яроқларни атайдан тинч аҳоли яшайдиган минтақаларга яширмоқда.

Брюсселдаги НАТО мулозимларидан бири, "биз токи тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланилар экан, ҳужум қилмаймиз, " деб айтди.