Ўзимизнинг ёнғоқда гап кўп экан, қандай қилиб дейсизми?

Image caption Олимларга кўра, "ўзимизнинг ёнғоқ"қа тенг келадигани йўқ экан

Америкалик олимларга кўра, дунёнинг қатор давлатларида юнон ёнғоғи деб юритилувчи "ўзимизнинг ёнғоқ"дан фойдалиси йўқ экан.

Пенсильваниялик тадқиқотчилар бу хусусдаги хулосаларини Америка Кимё уюшмасига тақдим этишган.

Уларнинг айтишларича, антиоксидантлар миқдори бўйича бошқа бирор хил турдаги ёнғоқ "ўзимизнинг ёнғоқ" билан беллаша олмайди.

Фанга яхши маълумки, антиоксидантлар оксидлаш жараёнида ҳужайраларни вайрон этувчи занжир реакциясининг кечишига тўсқинлик қилади ва инсон организмини турли хил хасталиклардан ҳимоя этади.

Олимлар қолган ёнғоқлар ҳам инсон учун тўйимли эканини рад этишмаса-да, фойдалилик бобида "ўзимизнинг ёнғоқ" ерёнғоқ, бодом ва пистани ортда қолдириб кетишини таъкидлашади.

Скретон университети ходими Жо Винсон ўтказган тадқиқот эса, бунга яна бир мисолдир.

Жо Винсон тўққиз хил турдаги ёнғоқнинг таркибини ўрганиб, "ўзимизнинг ёнғоқ"нинг бир ҳовучида антиоксидантлар миқдори қолганлариникидан икки бор кўп эканини аниқлаган.

Бундан ташқари, "ўзимизнинг ёнғоқ" таркибидаги антиоксидантлар қолганлариникига қараганда анчайин биологик фаол бўлиб ҳам чиққан.

Бу ҳали ҳаммаси эмас

Тадқиқот натижаларидан аён бўлишича, "ўзимизнинг ёнғоқ" таркибидаги антиоксидантлар "Е" витамини билан таққослаганда иккидан 15 маротабагача кучлироқ таъсирга эга экан.

"Е" витамини эса, инсон организмидаги ҳужайраларнинг табиий кимёвий моддалар таъсирида зарарланишдан ҳимоя қилиб, турли хил хасталикларнинг олдини олади.

Ёнғоқлар таркибида, яна бундан ташқари, олий сифатли оқсил, витаминлар ва минераллар кўп бўлиб, инсонларда аллергияни чақирувчи хавфли глютен моддаси эса, умуман йўқ.

Бундан аввал олиб борилган тадқиқот натижалари эса, ҳар кун оз-оздан ёнғоқ еб бориш юрак, саратон, қанд ва бошқа турли хасталикларга чалиниш хавфини камайтиришини кўрсатган.

Иссиқ ҳарорат ёнғоқ таркибидаги антиоксидантлар сифатини пасайтириши боис, олимлар уни қовурилмаган ҳолда ейишни тасвия этишни ҳам унутишмаган.