ОХҲТга аъзо қатор давлатлар ҳам 'Қуръон'нинг ёқилишини қоралашди

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Венада бўлиб ўтган навбатдаги йиғинида Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркия ҳайъатлари қўшма баёнот билан чиқиб, Америкада "Қуръон"нинг ёқилиши ҳодисасини кескин қоралашган.

"Ушбу қўшма баёнотни қабул қилган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар америкалик руҳоний томонидан шу йилнинг 20 март куни "Қуръон"нинг ёқилиши ва бунинг ортидан Афғонистонда Бирлашган Миллатлар ходимларининг ўлимига олиб келган зўравонликларни кескин қоралайди," дейилади қўшма баёнотда.

"Қуръон"нинг ёқилишига норозилик билдириб, Афғонистоннинг қатор шаҳарларида бўлиб ўтган намойишлар чоғида келиб чиққан тўқнашувларда камида 22 киши қурбон бўлганди. Кўплаб инсонларга тан жароҳати етганди.

Кеча қабул қилинган қўшма баёнотга имзо чеккан давлатлар, "бу амал мусулмонларга нисбатан тоқатсизлик ва дискриминация экани, турли динлар ва жамоалар орасидаги тинч алоқаларга рахна солувчи шармандали ва масъулиятсиз амал экани, бутун дунё бўйлаб мусулмонларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат этувчи экстремизмнинг энг ёмон кўриниши" эканини айтишган.

Аввалроқ Ислом Конференцияси Ташкилоти ҳам Тожикистон раислигида икки америкалик руҳоний Уэйн Сапп ва Терри Жонесларнинг Флорида штатида бир неча соатлик сохта маҳкама ортидан "Қуръон"га ўт қўйишлари ҳодисасини қоралаш учун фавқулодда йиғин чақирганди.

5 апрел куни эса, Ислом Конференцияси Ташкилоти элчилари Нью Йоркда Бирлашган Миллатлар Бош котиби Пан Ги Мун билан ҳам учрашиб, ушбу масалани муҳокама этишганди.

Афғонистонда зўравон намойишларга сабаб бўлиши ортидан америкалик икки руҳонийнинг иши АҚШ Президенти Барак Обама, Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон, энг юқори мартабали ҳарбий қўмондонлари, Бирлашган Миллатлар Бош котиби ва Хавфсизлик Кенгаши томонидан кескин қораланганди.

Аммо, шунда ҳам, руҳоний Терри Жонес Афғонистонда юз берган ғалаёнлар ва инсоний талофатларга ўзи айбдор эмаслигини айтади.