Фил Суяги Қирғоғи ОИ санкциялари бекор қилинишини сўрамоқда

Image caption Президентликка даъвогарлар тарафдорлари ўртасидаги қақшатқич жанг инсонпарварлик инқирозига сабаб бўлмоқда

Фил Суяги Қирғоғининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган президенти, Алассане Уаттара, Оврўпо Иттифоқини ўз мамлакатига қарши қўйилган иқтисодий чекловларни бекор қилишга чақирган.

Жаноб Уаттара ҳозирда какао экспорт қилувчи асосий порт бўлмиш Сан Педрони ўз назоратига олган ва савдони қайта бошлашни истайди.

Бироқ, унинг қўшинлари ҳали ҳам пойтахт Абижон устидан тўла назоратни қўлга кирита олмаганлар.

Уттаранинг рақиби Лорон Гбагбо эса айни шаҳардаги президент саройида ўз қўшинлари билан қолаётир.

Кўмак ташкилотлари Абижонда тобора ёмонлашиб бораётган инсонпарварлик инқирозидан огоҳлантиришмоқда.

Шаҳар аҳли энг оддий хизматлар: ичимлик суви ва электр қувватисиз қолишган, озиқ-овқат заҳиралари оз қолган.

Гувоҳларга кўра, президентликка даъвогар Уаттара ва Гбагбонинг тарафдорлари орасида кунлаб давом этган қақшатқич жанглар ортидан жасадлар кўчаларда ётибди.

Тамойил

Ўтган ноябр ойида президентлик сайловида ғолиб чиққани кенг тан олинган жаноб Уаттара телевидение орқали мурожаат билан чиқиб, иқтисодни қайта оёққа турғазиш йўлида чоралар кўраётганини айтган.

"Мен Оврўпо Иттифоқидан Абижон ва Сан Педро, ҳамда баъзи бошқа идораларга қарши киритилган чекловларни бекор қилишни сўрадим", - деди Уаттара.

Фил Суяги Қирғоғи жаҳондаги энг етакчи какао етиштирувчи мамлакат, бироқ сайловлар ортидан юзага келган мавҳумлик ва зўравонлик бу саноатга қаттиқ шикаст етказган.

Уаттара жаноблари Гбагбони мамлакатни танглик домига қулатишда айблади, бироқ ўз қўшинлари ҳозирда у жойлашган президент саройини ўраб олганини билдирди.

Аммо, Гбагбо жанобларининг маслаҳатчилари унинг таслим бўлиш нияти йўқлигини айтишмоқда.

"Президент Гбагбо таслим бўлмайди. Гап тамойил ҳақида кетаяпти. Президент Гбагбо монарх эмас. У қирол эмас. У император ҳам эмас. У ўз халқи томонидан сайланган президент", - деди Гбагбонинг Парижда амал қилувчи маслаҳатчиси Туссон Алан.

Франция Мудофаа Вазири Жерар Лонге жаноб Гбагбога содиқ қўшинлар бугунга келиб мингдан кам эканини билдирган.