Сўнгги янгиланиш 10 апрел 2011 - 15:22 GMT

Исроил ҳам, "Ҳамас" ҳам Ғазода оташкесимга тайёрликларини айтмоқдалар

Исроил агар Фаластин жангарилари Исроил ҳудудини ракета ҳужумига тутишни тўхтатса, ўзлари ҳам ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини билдирган.

Мудофаа вазири Эхуд Баракнинг Исроил радиосига, "агар улар бизнинг аҳоли масканларимизга ўт очишни тўхтатсалар, биз ўт очишни тўхтатамиз", деб айтган.

Ғазони назорат қиладиган "Ҳамас" гуруҳи вакили эса бўлгада зўравонликлар кучайишини истамасликларини, агар Исроил ўзининг босқинини тўхтатса вазият тинчланишини айтган.

Би-би-си мухбири Жон Доннисоннинг Ғазодан хабар беришича, якшанба куни бўлгада уч кунлик зўравонликлардан кейин осойишталикни эшитиш мумкин бўлган, отишма овозлари эшитилмаган.

"Хабарларга кўра, Исроил билан Фаластиннинг ушбу ҳудудини назорат қилаётган "Ҳамас" ўртасида оташкесига эришиш йўлида ҳаракатлар олиб борилаяпти", дейди мухбиримиз.

Фақат шанбадан якшанбага ўтар кечаси Фаластин жангарилари Исроил ҳудудига қараб уч ракета отганлар, деб хабар қилади Би-би-си мухбири.

"Кўп нарса "Ҳамас"нинг Ғазодан отилаётган ракета ва миномёт бомбаларини қанчалик тўхтатишга қодир эканлигида. Чунки бундан олдин у бунинг уддасидан чиқа олмаган", дейди мухбиримиз.

Шу кунлар давомида Исроилнинг Ғазога ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлган.

Исроилга кўра, ушбу ҳаво ҳужумлари бўлгандан туриб ўз ҳудудларига уюштирилган ракета ҳужумларига жавоб бўлган.

Ғазо бўлгасида яна зўравонликлар кучайишига Фаластин жангариларининг Исроил мактаб автобусини ҳужумга тутгани сабаб бўлган.

7 апрел куни "Ҳамас" гуруҳи Ғазодаги бошқа сиёсий кучлар билан Исроил ҳудудига ўт очмаслик ҳақида келишувга эришгани ҳақида эълон қилди.

Бироқ ўша куни Ғазодан отилган ракета Исроил ҳудудидаги мактаб автобусига бориб теккан, оқибатда бир ўсмир жиддий яраланган.

Бунга жавобан жума куни Исроил Ғазо бўлгасини ҳаво ҳужумларига тутишни бошлади, фаластинлик жангарилар эса Исроил ҳудудига қарата миномётлардан отишган.

Март ойи Ғазода 2008 йил декабрида Исроил кучлари кенг миқёсли ҳарбий амалиётларни бошлаганидан кейинги энг ҳалокатли ой бўлган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.