Полша президент учоғи ҳалокати қурбонларини хотирлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP GETTY

Полша ва Россияда Смоленскда роппа-роса бир йил илгари ҳалокатга учраган президент учоғи қурбонларини хотирлаш маросими ўтказилган.

2010 йил 10 апрел куни Россиянинг Смоленск шаҳри яқинида Полша президенти Леч Качинскининг Ту-154 учоғи қўнишга ҳаракат қилган пайтда ҳалокатга учраган, оқибатда 96 инсон ҳалок бўлган эди.

Полша президенти, вазирлар ва бошқа сиёсий арбоблардан иборат мамлакат расмий ҳайъати 1940 йилда Катинда отиб ўлдирилган поляк зобитлари дафн этилган жойда хотира маросимини ўтказиш мақсадида йўл олган эдилар.

Ўша куни Смолнеск атрофида қуюқ туман ҳосил бўлган ва учоқ қўнишини имконсиз қилган.

Ту-154 учоғи бир неча марта Смоленск яқинидаги "Северний" қўналғасига қўнишга уринган, расмий текширув хулосаларига кўра, жуда пастлаган учоқ дарахтларга илиниб қулаган.

Бугун учоқ қулаган жойда хотира маросими ўтказилган.

Бу маросимда Лех Качинскининг рафиқаси Анна Коморовская ва бошқа ҳалок бўлган инсонларнинг оила аъзолари иштирок этганлар.

Ту-154 ҳалокатга учраган маҳаллий вақт - 8.41 да Полша пойтахти Варшавада бир дақиқа сукут сақланган.

Хотира маросимлари Варшава ҳамда Москвада ҳам бўлиб ўтган.

Қўш фожеа жойидаги жанжалга сабаб бўлган хотира лавҳи

Смоленскдаги хотира маросимида Лех Качински рафиқаси Анна Комаровская бу жой Полша тарихида қўш фожеа жойи бўлиб қолишини айтган.

Маросим иштирокчиларига кўра, Анна Комаровская маъруза қилаётган пайтда ҳам об-ҳаво бирдан ёмонлашган, қуюқ туман тушиб, шамол кучайган, қор аралаш ёмғир ёға бошлаган.

Россиянинг Халқаро Авиация қўмитаси хулосасига кўра, бир йил илгари об-ҳавонинг ёмонлашгани ва учувчиларнинг хатоси ҳалокатга сабаб бўлган.

Бироқ Полша ҳукумати Халқаро Авиация қўмитасининг ҳисоботини танқид қилган, уларнинг фикрича, ҳалокатда Россия диспетчерларининг ҳам айби бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP GETTY

Бир кун илгари Варшава шаҳридаги Россия элчихонаси биноси қаршисида мингга яқин намойишчи йиғилган, улар Россия томонини Смолнескдаги учоқ ҳалокати ҳақидаги ҳақиқатни яшираётганликда айблаганлар.

Намойишчиларнинг аксари марҳум президент Лех Качинскининг эгизак иниси Ярослав Качинскининг мухолифат партияси аъзолари бўлганлар.

Улар, авиаҳалокат учун Россия раҳбарияти айбдор, жорий Полша ҳукумати эса "Полша манфаатларига хиёнат қилаяпти", деб чиқишган.

Ту-154 учоғи ҳалокатининг бир йиллиги хотира маросими жанжалга ҳам сабаб бўлган.

Ҳалокат қурбонларининг яқинлари учоқ қулаган жойга хотира лавҳасини ўрнатишган, бу лавҳада "Катин ўрмонида Полша зобитлари устидан содир этилган совет қатлиомининг 70 йиллигига бағишланган" тадбирларга бораётган авиаҳалокат қурбонлари хотирасига ўрнатилгани поляк тилида ёзилган.

Полша расмийлари Россия томони ўзларини огоҳлантирмасдан хотира лавҳасининг рус тилидаги матнини ўзгартириб қўйганларидан норози бўлганлар.

Россия томонига кўра, дастлабки матн бўйича ўзаро келишилмаган ва матн фақат поляк тилида бўлган.

Смоленск губернаторининг мабуот котиби сўзларига кўра, олдинроқ Полша томони хотира лавҳини ўзгартиришга розилик берган.