Ливия: 'Қаддофий қабул қилган оташкесин режасини исёнкорлар рад этишди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи r

Жанубий Африка Президенти Жакоб Зуманинг айтишича, Ливия ҳукумати Африка Иттифоқининг саккиз ҳафталик қуролли низоларга чек қўйишга қаратилган таклифини қабул қилган.

Президент Зума ва яна уч Африка давлат раҳбарлари кеча якшанба куни полковник Муаммар Қаддофий билан музокаралар олиб боришганди.

Африка Иттифоқи ҳайъати бунинг ортидан Ливияга бориб, Бенғози шаҳрида исёнкорлар билан ҳам ушбу режани муҳокама этган, аммо бирор бир натижага эришмаган.

Ливияда жанглар давом этаркан, Аждабия шаҳрида қаддофийпараст кучлар исёнкорларни ортга чекинишга мажбур этишган.

Нато иттифоқининг билдиришича, қирувчи учоқлари биргина якшанба куннинг ўзида Ливия ҳукуматига қарашли 25 та учоқни яксон этишган.

Учоқлардан 11 таси Аждабия шаҳри, қолганлари эса, Ливиянинг исёнкорлар қўлида қолаётган ягона ғарбий Мисрата шаҳри яқинида уриб туширилган.

Ливия ҳукумат кучларини аҳоли яшайдиган мавзеъларни "шафқатсиз ҳужум"га тутишда айблаган Нато иттифоқига кўра, ўта аянчли аҳволда қолган бу икки шаҳар аҳолисини ҳимоя этиш учун қарши жавоб беришган.

Африка Иттифоқининг таклифи эса қуйидагилардан иборат:

Томонлар орасида зудлик билан оташкесиннинг эълон этилиши

Инсонпарварлик ёрдамларининг ҳеч бир тўсқинликсиз Ливияга киритилишига изн берилиши

Ливиядаги хорижий фуқаролар ҳимоясининг таъминланиши

Бир сиёсий тўхтамга келиш учун Ливия ҳукумати ва исёнкорларнинг мулоқотга киришлари

Нато ҳаво ҳужумларига чек қўйилиши

"Биродаримиз полковник Қаддофий ҳайъати сулҳу мадорага оид таклифимизни қабул қилди," деб баён қилган жаноб Зума.

Жанубий Африка президенти бир неча соатлик музокаралар ортидан, томонларнинг оташкесинга эришиб кўришларига имкон берилиши лозимлигини айтган.

Ливия ҳукумати билан музокаралар чоғида Африка Иттифоқини Жанубий Африка, Мавритания, Мали, Конго Демократик Республикаси ва Уганда президентлари намоён этишган.

Беш Африка давлатидан иборат ҳайъат Оврўпо Иттифоқи томонидан тайин этилган.

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Натонинг Ливияга қаратилган ҳарбий амалиётларида иштирок этаётган Ғарб давлатлари ушбу режага ҳозирча ўз муносабатларини билдиришгани йўқ.

Ливия мухолифатининг Буюк Британияда бўлган вакили эса, Африка Иттифоқининг таклифини яқиндан ўрганиб чиқишлари, бироқ полковник Қаддофий ёки ўғилларининг қудратда қолишларини кўзда тутувчи бирор бир келишувни қабул қилмасликларини айтган.

Африка Иттифоқи мулозими музокаралар чоғида полковник Қаддофий истеъфоси масаласи ҳам кўриб чиқилганини айтган, аммо бошқа тафсилотларга тўхталмаган.

У ўз раҳбарларини демократик йўл билан танлаб олиш Ливия халқи ихтиёридаги масала эканини билдирган.