'Гумондорлар Минск метросида амалга оширилган ҳужумга алоқалари борлигига иқрор бўлишди'

Ҳодиса жойи Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳодисада камида 12 киши нобуд бўлганди

Беларус президенти Александ Лукашенкога кўра, ҳибсга олинган икки шахс Минск метросида амалга оширилган ҳужумга алоқасини борлигига иқрор бўлган.

Ҳужумда камида 12 инсон нобуд бўлган ва жами 126 киши яраланганди.

"Биз энди ушбу террор амалини ким ва қай йўсин содир этганини биламиз. Бизга қоронғу қолаётган ягона нарса - нима учун бу иш амалга оширилгани. Аммо, тез орада бу ҳам аниқланади", деб айтган Беларус Президенти.

Унга кўра, сешанба кунги ҳибс амаллари "овозсиз, отишмаларсиз ва ё мушкулотларсиз" амалга оширилган.

Президент Александр Лукашенкога кўра, гумондорлар бугун эрталаб соат 05:00ларда айбловларга иқрор бўлишган.

Бош прокурор ўринбосари Андрей Шведга кўра, гумондорларнинг ҳар иккиси ҳам Беларусдан, аммо уларнинг шахслари ҳали ошкор қилинмаган.

Темир парчалари билан тўлдирилган бомба душанба куни "Октябрьская" метро бекатини маҳаллий вақт билан кечки соат 6 ларда зир титратганди. Расмийлар бомба узоқдан бошқарилганини айтишади. Андрей Шведнинг билдиришича, ҳибсдагилардан бири "Октябрьская" метро бекатидаги камерага тушиб қолган.