Қатар пойтахти Доҳада Ливияга бағишланган халқаро йиғин ўтмоқда

Қатар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Йиғинда Ливиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Муса Куса ҳам иштирок этмоқда

Қатардаги халқаро йиғин НАТО Ливияга қарши ҳарбий амалиётларни кучайтириши кераклиги борасидаги чақириқлар манзарасида бошланган.

Муаммар Қаддофийни ағдаришга уринаётган исёнкорлар илк бор олиймартабали дипломатик музокараларда вакил жўнатишган. Улар Ливия бўйича янги ташкил этилган "алоқа гуруҳи" билан учрашадилар.

"Алоқа гуруҳи" Лондонда 29 март куни ўтган халқаро анжуманда ташкил этилди. Анжуманга Оврўпо, Қўшма Штатлар ва Яқин Шарқдаги иттифоқчилар вазирлари ва қатор халқаро ташкилотлари вакиллари иштирок этишганди.

Музокараларда ўтган ой Буюк Британияга қочиб келган Ливия собиқ ташқи ишлар вазири Муса Куса ҳам иштирок этмоқда.

У йиғиндан ташқари исёнкорлар ва Қатар ҳукумати билан ҳам учрашиши кутилмоқда.

Йиғиндан олдин Франция ва Британия ташқи ишлар вазирлари НАТО Ливияга қаратилган амалиётларини кучайтиришга чақиришганди.

Аммо, НАТО генералларидан бири иттифоқ "зўр иш" қилаётганини таъкидлаган.

Қатардаги музокаралар исёнкорлар назорати остидаги Мисрата шаҳрида инсоний инқироз кучайган пайтда кузатилмоқда. Полковник Қаддофийга содиқ кучлар шаҳарга қарши янги ҳужумларини давом эттираётганлари хабар қилинади.

Ливия ғарбидаги исёнкорлар назоратида бўлган охирги минтақа - Мисрата олти ҳафтадан бери қамал остида. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари у ердаги озиқ-овқат ва тиббий заҳиралар камайиб бораётганидан огоҳлантирганлар.

'НАТО кўпроқ иш қилиши керак'

Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг Қатар саммитига жўнаб кетиши олди ҳарбий вазият тебраниб тургани ҳамда ҳам сиёсий ва ҳам ҳарбий босим зарурлигини айтди. Уилям Хейгнинг айтишича, у амалиётлар қачон якун топиши мумкинлигини башорат қила олмайди, аммо ҳаво ҳужумлари "минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолган". Франция ҳам, Британия ҳам НАТОга аъзо бошқалар давлатлар ҳам Ливиядаги миссия учун кўпроқ ҳисса қўшишларини истайди. Франция Ташқи ишлар вазири сешанба куни НАТОнинг Ливияга қаратилган саъй-ҳаракатларини "етарли эмас" дея баҳолаганди.

"НАТО ўз ролини тўла ижро этиши керак. У амалиётларда етакчиликни истаганди", деб айтган Франция Ташқи ишлар вазири Ален Жюппе.

Ливия ҳукумати эса, яна бир бор Ғарбнинг "империалистик фикрлаш усули"ини қоралаб чиққан.

Ҳукумат воизи Муса Иброҳим: "Биз агар зарур бўлса, курашишга тайёрмиз. Ливия армияси эмас, балки Ливиядаги ҳар бир эркак ва аёл, ҳар бир қавм", деб айтган.

Шунингдек, у Қатарда ўтаётган саммитни ҳам танқид қилган.