Президент Медведев иккинчи муддатга номзодини қўйиши мумкин

Image caption Медведев ҳам, Путин ҳам 2012 йилдаги сайловларда кимнинг номзод бўлиши ҳақида "келиша олишларини" айтиб келишган

Президент Медведев иккинчи муддатга номзодини қўйиши мумкинлигини айтган ва бу борада тез кунлар ичида қарор қабул қилишини билдирган.

Хитойнинг CNTV телеканалига берган интервюсида жаноб Медведев "мен иккинчи муддатга президентликка номзодимни қўйишимни истисно қилмайман. Бу ҳақдаги қарор қисқа вақт ичида қабул қилинади, чунки сайловларга бир йилдан кам вақт қолмоқда" , деб айтган.

Президент Медведевга кўра, ўзи ва Бош вазир Путиннинг мақсадлари битта-Россиянинг гуллаб-яшнаши, аммо улар мақсадга эришиш йўлларини турлича кўришади.

Путин билан муносабатлари ҳақидаги саволга жавоб бераркан, жаноб Медведев у билан "дўстона ва жуда ҳам илиқ муносабатда эканликлари ҳақидаги одатий сўзларини қайтарган.

Президент Медведев иккинчи муддат борасида илк бор гапираётгани йўқ, аммо таҳлилчиларга кўра, унинг Хитой сафари олдидан айтганлари ҳозирга қадар қилган энг жиддий баёнотидир.

Бунга қадар Медведев ҳам, Путин ҳам 2012 йилдаги сайловларда кимнинг номзод бўлиши ҳақида "келиша олишларини" айтиб келишган. Кузатувчиларга кўра, Россия раҳбарлари тилидан янграётган сўнгги баёнотлар ўртада келишмовчиликлар борлигидан далолат беради ва бу ўз навбатида уларнинг келишишларига халақит беради.

Бош вазир Путиннинг сўзчиси Дмитрий Песков жаноб Путин Медведевнинг Хитой матбуотига берган интервюси матни билан хали танишиб улгурмаганини айтган ва "афсуски" дея қўшимча қилган.

Икки раҳбар ўртасидаги бўлиниш Ливиядаги инқироз сабаб бўртиб кўринганди.

Президент Медведев Бош вазир Путиннинг ғарбнинг Ливиядаги амалиётларини салб юришига ўхшатган баёнотини кескин танқид қилган ва бу каби чиқишлардан тийилиш ҳақида огоҳлантирган.

Аввал Путин, кейин Медведев

Россиядаги аксарият таҳлилчилар Президент Медведевнинг оҳанги сўнгги пайтларда қатъийлашиб бораётганига қарамай, президентликка кимнинг номзод бўлишини барибир Путин ҳал қилади, деб ишонадилар.

Кремлпараст "Ягона Россия" партияси президентлик сайловларида партия раҳбари бўлган Владимир Путин номзодини қўллаб-қувватлаши, бош вазир ўз номзодини қўйишни истамагани тақдирдагина жаноб Медведевни дастаклашга тайёрлигини билдирган.

"Ягона Россия"нинг раҳбари бор. Бу-Владимир Владимирович Путиндир. У бир неча марта кимнинг номзод бўлиши масаласи ўзи ва Дмитрий Медведев ўртасидаги келишув масаласи эканини таъкидлаган. Биз шундан келиб чиқамиз", - деб айтган "Ягона Россия" президиуми котиби Юрий Шувалов "Интерфакс" хабар агентлигига.

Айни пайтда россиялик айрим таҳлилчилар Путин ва Медведевнинг чиқишлари келаётган сайловларга мусобақа тусини бериш мақсадида атайин қилинаётган баёнотлар эканини айтишмоқда.

Омма сўровларига кўра, россияликларнинг аксарияти Путин ва Медведев ўртасида ҳаққоний келишмовчилик борлигига ишонишмайди.

Айни пайтда "Левада" маркази ўтказган сўров натижаларига мувофиқ, охирги тўққиз ойда Медведевни президентликка номзод сифатида кўришни истайдиганлар сони 14 дан 18 фоизга кўпайган, Путинга хайрихоҳлар эса 30 дан 27 фоизга камайган.