Сичқоннинг ини минг тангага айланган диктаторлар нима қилади?

Фил Суяги қирғоғида собиқ президент Лоран Гбагбонинг ҳибсга олинишини телевизор орқали бутун дунё кўрди.

Ливияда полковник Муаммар Қаддофий истеъфо берсин деган чақириқлар тобора баланд янграмоқда.

Диктаторлар ҳокимиятни йўқотганидан кейин нима бўлади?

Би-би-си мухбири Том Том Гейгин ўзининг мамлакатида қувғинга учраган раҳбарлар тақдирига назар ташлар экан, Лоран Гбагбонинг қудратни йўқотганини телевидение орқали намойиш этилган кадрлар яққол намоён этди, дейди.

Оқ майкадаги Гбагбо сочиққа юзини артиб, ҳавайифасон кўйлакни кияр экан, кадрда унинг ортида бегона одамлар унга тегишли буюмларни титкилайдилар.

Ўтган йилги Фил Суяги қирғоғидаги президентлик сайловида Алассан Уаттара кўп овоз олгани эълон қилинган, халқаро ҳамжамият Уаттарани мамлакатнинг машруъ президенти сифатида эътироф этди.

Лоран Гбагбо эса президентлик ваколатини топширмаслигини эълон қилди, президентликка номзод икки сиёсатчи тарафдорлари ўртасида кечган жангларда қарийб бир ярим минг инсон ҳалок бўлди.

Миллионлаб одамлар яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.

Куни кеча Мисрнинг президенти бўлган Ҳусни Муборак коррупция айбловларига алоқадорлик гумони билан ҳибсга олинди.

Ливияда ҳам жанглар давом этиб, халқаро ҳамжамият Муаммар Қаддофийнинг ҳокимиятни топшириши кераклигини айтаётган ва Ливияда режимни ўзгартириш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг янги резолюциясини қабул қилиш таклифлари кўриб чиқилаётган пайтда туғилаётган савол шуки, келажакда полковник Қаддофийнинг тақдири нима бўлади?

Умуман қудратни йўқотган раҳбарларга нима бўлади?

Ўтмишда ўз ватанини ташлаб, қабул қилишга рози бўлган мамлакатга қочиш аксар раҳбарлар тутган йўл бўлган.

Угандада ҳокимиятни йўқотган Иди Амин Саудия Арабистонига қочган.

У қочқинликда 24 йил умр кечириб, 2003 йилда вафот этган.

Шарқий Олмония ёки ГДРни 19 йил бошқарган Эрик Хонеккер социалистик тизим қулаганидан кейин аввал Москвага қочган, у ерда Чили элчихонасида яширинган, кейин Чилига кетган эди.