'Қаддофийни ағдариш учун БМТнинг Ливия бўйича янги резолюцияси зарур'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен айтишича, Муаммао Қаддофий қудратда қолар экан, Ливия тинч аҳолисига таҳдид йўқолишини тасаввур қилиб бўлмайди.

Берлинда икки кун давомида НАТОга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Ливиядаги вазиятни муҳокама этганлар.

Саммитда иттифоқчи мамлакатларни Ливиядаги ҳаво ҳужумларига кўпроқ ҳарбий учоқларини жалб этишга кўндиришнинг уддасидан чиқилмаган.

Бош котиб Андерс фог Расмуссен Ливия раҳбари Муаамар Қаддофий тинч аҳолига хавф солаётганини айтган бўлса-да, НАТО БМТнинг қуролсиз ливияликларни муҳофаза қилиш мандатига содиқ қолишини билдирган.

Франция Мудофаа вазири Жерард Лонгенинг айтишича, Ливия масаласи бўйича Бирлашган Миллатлар ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг янги резолюцияси талаб этилади.

Франция радиосига гапирган Жерард Лонге айтишича, БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливия бўйича қабул қилган ҳозирги резолюцияси мамлакат устида парвоз тақиқланган ҳудуд барпо этиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишни назарда тутади, бироқ бунда режимни ўзгартириш кўзда тутилмаган.

Франция мудофаа вазири БМТнинг янги резолюцияси тез орада қабул қилинишига умид билдирган.

Берлиндаги иккинчи кунлик саммит НАТО аъзоларининг янги мажбуриятларни ўз зиммаларига олмаганлари билан якунланган.

Берлин саммити бесамар якунландими?

Ливиядаги амалиётларга фаол аралашишни истамаётган бошқа НАТО аъзоларини янада фаолроқ бўлишга даъват этиб, АҚШ, Британия ва Франция раҳбарлари очиқ хат эълон қилдилар.

Уч раҳбар мурожаати АҚШ, Британия ва Францияда нашр этиладиган рўзномаларда босилган.

Бу мурожаатда Муаммар Қадофий ҳокимият тепасида экан, Ливияда тинчликни ўрнатиб бўлмайди, дейилади.

Қаддофийни ҳокимиятда қолдириш Ливия халқига хиёнат қилиш, дейилади очиқ хатда ва НАТО ва шериклари Ливиядаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш мақсадидаги амалиётларини бўшаштирмасликлари ва Ливия ҳукуматига босимни камайтирмаслик керак, дейилади.

НАТО саммитининг биринчи кунида ҳам Британия ва Франция бошқа аъзоларни Ливиядаги ҳарбий амалиётларда фаол иштирок этишга чақирганлар.

Қаддофийга содиқ кучларни нишонга олиш учун қирувчи учоқлар етишмаётгани айтилган.

Саммитнинг биринчи кунида НАТО Бош котиби Андерс фоғ Расмуссен айтишича, Қаддофий кучлари ҳаво ҳужумларининг дастлабки ҳафталаридан тегишли хулоса чиқариб, кийимларини ўзгартирганлар ва тинч фуқаролар масканларида яширинаяптилар, шунинг учун уларни нишонга олиш учун янада аниқ оптик имкониятларга эга учоқлар зарур.

Аммо НАТО бош котиби бу сўровига аъзо мамлакатлардан жавоб ололмаганини айтди.

Ҳарбий амалиётларда НАТОга аъзо 28 мамлакатнинг атиги олтитаси иштирок этаяпти, НАТО аъзолари ўртасидаги келишмовчилик Ливиядаги исёнкорлар муваффақиятга эришмаётгани учун ҳам кучаяётгани кузатилган.

Олмония ва Туркия бошиданоқ Ливиядаги ҳарбий амалиётларга қаршиликларини билдирганлар, Италия ва Испания ўзларининг ҳудудларидан туриб ҳужумларни уюштиришга рухсат бериш билан чекланганлар.

НАТО саммити биринчи кунида Италия Ливия исёнкорларини Ғарб қурол-яроғ билан таъминлаши керак, деган таклифни илгари сурган, аммо бу борада ҳам бир қарорга келинмаган.

Би-би-си мухбири Мисратага киришга муваффақ бўлди

Пайшанба куни Қаддофийга содиқ кучлар билан исёнкорлар ўртасидаги жанглар ҳам, НАТО учоқларининг бомбардимонлари ҳам давом этган.

Исёнкорлар сўзларига кўра, Қаддофий кучлари отган ракеталар Мисрата шаҳрида 23 кишини ўлдирган, бироқ бу хабарни мустақил манбалардан тасдиқлаш имкони бўлмаган.

Ливиянинг Ўртаер денгизи соҳилидаги Мисрата шаҳрини Қаддофий қўшинлари ишғолда ушлаб турипти, шаҳарга денгиз тарафдан Би-би-си мухбирлари киришга муваффақ бўлганлар.

Мухбирлар Мисрата шифхонаси ярадорларга тўлиб кетганини, ярадорларнинг аксари ракеталар, бомбалар портлашидан яраланганини кўрганлар, шифокорларнинг сўзларига кўра, жароҳатланганларнинг 80 фоизи тинч фуқаролардир.

Шифохонада дори-дармон етишмаяпти, кўп одамлар бандаргоҳга талпинмоқда, Қаддофий кучлари бандаргоҳни ташқи дунёдан ҳам узиб қўяди, деган қўрқувлар бор, дейди Би-би-си мухбири.