БМТ: миллионлаб афғонлар озиқ-овқат тақчиллигига дуч келишлари мумкин

Image caption Афғонистонга халқаро донорлар йирик молиявий кўмаклар ажратганига қарамасдан, мамлакат дунёдаги ҳаёт даражаси энг паст мамлакат бўлиб қолмоқда

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат дастури кўп сондаги афғонларнинг бу йил озиқ-овқат тақчиллиги билан юзма-юз келишидан огоҳлантириб кўмак сўради.

Ташкилот эълон қилган баёнотга кўра, урушдан азият чекаётган мамлакатнинг 7,3 миллион аҳолиси рўпара келиши мумкин бўлган муаммонинг олдини олиш учун зудлик билан 250 миллион доллардан зиёд маблағ ажратилиши лозим.

"БМТнинг Озиқ-овқат дастури юз миллионлаб доллар қўшимча маблағни тез орада олмаса, етти миллионча афғонни егулик билан таъминлаш борасидаги кўмак таҳдид остида қолиши мумкин", дейилади ташкилот 15 апрел куни эълон қилган баёнотда.

Озиқ-овқат дастури 7,3 миллион кишини таъминлаш учун зудлик билан 257 миллион долларга муҳтож, акс ҳолда амалга оширилаётган ишларни миқёсини камайтириш ёки бир неча ойга ортга суришга тўғри келади, дейилади баёнотда.

"Биз ушбу сўровни таъминотда юзага келган узилишни тўлдириш учун имконият яратиш мақсадида қилмоқдамиз. Озиқ-овқат хавфсизлиги бу мамлакат тараққиёти, айниқса, ёш ҳамда муҳтож қатламдаги инсонлар учун асосий нарса", деб айтган Озиқ-овқат дастурининг Афғонистон учун масъули Луис Имблеу.

Ташкилот огоҳлантиришича, агар қўшимча ёрдам кўрсатилмаса, июн ойига бориб мактабларда ташкил этилган болаларни овқатлантириш мақсадидаги ҳаракатлар миқёсини ярмига қисқартиришга тўғри келиши мумкин, бу эса миллионлаб мактаб ўқувчиларига таъсир сезилади, деганидир.

БМТнинг Озиқ-овқат дастури ўзларидаги заҳиралар тугаб бораётгани, июл ойига бориб, Афғонистондаги асосий озиқ-овқат тури бўлган буғдой етишмай қолиши мумкинлигини, ўша вақтга бориб ўсимлик ёғи, ловия ва нўхатлар тақчиллиги кузатилиши мумкинлигини айтади.

2001 йилда Толибон тизими ағдарилганидан кейин Афғонистонга халқаро донорлар йирик молиявий кўмаклар ажратганига қарамасдан, мамлакат дунёдаги ҳаёт даражаси энг паст мамлакат бўлиб қолмоқда, кўплаб афғонлар ўта қашшоқликда умргузаронлик қилишга мажбурлар.

Айни пайтда Афғонистондаги коррупция ва порахўрлик мамлакат тараққиёти ва аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар сифатида тилга олинади.