Афғонистон Мудофаа вазирлиги биносига худкушлик ҳужуми уюштирилди

Афғонистон Мудофаа вазирлиги ташқарисидаги қўриқчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Афғонистон Мудофаа вазирлиги ташқарисидаги қўриқчилар

Афғонистон пойтахти Кобулда армия уст-бошида бўлган худкуш ҳужумчи Мудофаа вазирлиги биносига ҳужум қилган, натижада камида икки киши нобуд бўлган.

Ҳаётдан кўз юмганлардан бири вазир ўринбосари тан қўриқчиси экани айтилмоқда. Ҳодисада бир неча киши яраланган. Ўтган тўрт кун ичида ушбу худкушлик ҳужуми Афғонистон хавфсизлик кучлари қароргоҳига қилинган учинчи йирик ҳамладир.

Белида портловчи воситалар боғлаган худкуш ҳужумчи бинонинг Мудофаа вазири ва армия бош штаби бошлиғи идоралари жойлашган иккинчи қаватигача етиб борган.

У вазир ва армия бош штаби бошлиғи ёрдамчиларини отишга муваффақ бўлган, аммо бомбасини портлатишга улгурмаган. У бундан олдин тан соқчилари тарафидан ўлдирилган.

Толибон ҳужумдан "қўғирчоқ" мудофаа вазирини ўлдириш мақсад қилинганини айтган.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Билол Сарварийнинг айтишича, бу биринчи мартадирки, қуролли шахс Афғонистон Мудофаа вазири биносига шунчалар ичкари кириб борган.

Назорат нуқталари

Афғонистон хавфсизлик хизмати расмийсининг Би-би-сига айтишича, худкуш ҳужумчи Афғонистон Миллий Армияси полковниги кийимида бўлган.

У махсус ҳужжати бўлганлиги учун у ташқари ва ичкаридаги назорат нуқталаридан қурол ва танасидаги портловчи воситалари билан ўтишга муваффақ бўлган.

Мудофаа вазирлиги биносига етиб борган пайт ҳужумчи тан қўриқчиларга рўпара келган ва отишма бошланган.

Алал-оқибат у ўлдирилган, бироқ аввал икки аскарни ҳалок қилишга ва яна бир неча кишига тан жароҳати етказишга улгурган.

Хавфсизлик расмийсининг айтишича, ҳужумчи портловчи воситаларини портлатишга улгурмаган. Маҳаллий хабарларга кўра эса, бинода портлаш ҳам юз берган.

Толибон воизи ҳужум ортида ўзлари турганлари ва мақсад Мудофаа вазири Абдул Раҳим Вардакни ўлдириш бўлганини айтган.

Аммо, Би-би-сига гапирган хавфсизлик расмийси ҳужум чоғи жаноб Вардак бинода бўлмаганини айтган.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги пойтахт Кобулнинг марказида, президент саройи ва бошқа вазирликлар идоралари яқинида жойлашган.

Мухбиримизга кўра, айни пайтда ҳужумчи Афғонистоннинг энг муҳим вазирликларидан бири биносига киришга қандай муваффақ бўлганига оид жиддий саволлар ўртага чиқмоқда.

Бу - кейинги беш кун ичида амалга оширилган тўртинчи ҳалокатли ҳужум, бироқ шу пайтгача илк бор кимнингдир шу қадар муҳим расмийлар идорасига кириб боришидир.

Якшанба куни Мудофаа вазирлиги воизи худкуш ҳужумчилар ва толибларнинг армияга сизиб киришларини тўхтатишга муваффақ бўлинганини айтганди.