'Фридом Ҳауз': Дунёда интернет эркинлигига таҳдидлар кучаймоқда

"Фридом Ҳауз" ташкилоти ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб интернетдан фойдаланувчилар сони ортган сари интернет эркинлигига чекловлар кучаймоқда. Ташкилот янги ҳисоботида 37 мамлакатдаги вазият таҳлил қилинади.

470 саҳифадан иборат ҳисоботни ёзишда, аввало, дунёнинг турли мамлакатларда БМТ ҳомийлигида олиб борилган сўровлар натижалари, кейин эса, бошқа манбаълар ва 2009 йилги ҳужжатларга таянилган.

Ҳисоботда Эстония интернетдан фойдаланиш бўйича энг эркин мамлакат, дея хулоса қилинган. Қўшма Штатлар бу масалада иккинчи ўринни эгаллаган. Эрон вазият энг абгор мамлакат сифатида баҳоланган ва рўйхат сўнггида қайд этилган.

Яна 11 мамлакат - Беларус, Бирма, Хитой, Куба, Саудия Арабистони ва Тайланд кабилар интернет эркин бўлмаган давлатлар сифатида тилга олинади. Ҳисоботда айтилишича, 2009 йил тадқиқ қилинган 15 мамлакатдан камида 9 тасида вазият кейинги икки йилда ёмонлашган.

Рўйхатга янги қўшилган мамлакатларнинг қарийб ярмида шароитлар салбий баҳоланади. Блоггерларга босимлар, цензуранинг кучайиши ва кибер ҳужумлар кўп ҳолларда сиёсий бўҳронлар, жумладан, баҳсли сайловлар билан бир вақтда кузатилади.

"Фридом Ҳауз" қатор муҳим давлатларда келаси 12 ой ичида вазият янада ёмонлашиши мумкин, дея хулоса қилади. Булар: Иордания, Россия, Тайланд, Венезуела ва Зимбабве каби мамлакатлар.

Facebook, YouTube ва Twitter каби тармоқлардан фойдаланиш кенгайиб бораркан, кўплаб ҳукуматлар ўзларининг цензура стратегиялари бир қисми ўлароқ уларни нишонга олмоқда, дейди "Фридом Ҳауз".

Тадқиқ қилинган 37 давлатдан 12таси расмийлари ушбу хизматлар ва ё уларга ўхшаш сайтларга мунтазам ва ё вақтинчалик тақиқлар жорий қилган.

Блоггерлар, онлайн журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари, қолаверса, форумларда иштирок этган оддий одамлар ҳам борган сари кўпроқ нишонга олинмоқда. Уларга ҳибс ва ё озодликдан маҳрум бўлиш таҳдид солади.

37 давлатдан 23тасида, жумладан, қатор демократик мамлакатларда онлайн мулоқотлари туфайли камида бир блоггер ва ё интернетдан фойдаланувчи ҳибсга олинган.

Ҳукуматлар ва уларнинг тарафдорлари онлайн тармоқлари фаолиятини нишонга олиш учун техник усуллардан фойдаланишади. Кибер ҳужум камида 12 давлатда кузатилган.

37 давлатдан 15тасида сиёсий мавзудаги хабарлар чоп этиладиган вебсаҳифаларга тўсиқлар қўйиш кенг тус олган.

Ҳукумат тарафидан халқаро интернет тармоқларига боғланишнинг назорат остига олиниши онлайн орқали эркин фикр билдириш учун жиддий таҳдиддир. Назорат, айниқса, сиёсий бўҳронлар пайти кўп кузатилади.

Ҳисоботга кўра, Хитой ҳукумати яқин йиллар ичида интернетга чекловларни кучайтирган.

Facebook and Twitter каби ижтимоий тармоқларга доимий тўсиқ қўйиларкан, мамлакатнинг ўзида уларга ўхшаш хизматлардан фойдаланиш кучли цензурага қарамай оммалашиб кетган.

"Фридом Ҳауз" тақиқотлари жараёнида ғарбий Шинжон минтақасида бир неча ой интернетдан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган бўлган ва 2010 йил интерентга боғлиқ сабаблар билан камида 70 киши ҳибс қилинган.

Эронда эса, 2009 йилги баҳсли сайловлар ортидан юз берган норозилик чиқишларидан бери интернетдан фойдаланишга қарши қақшатқич кампания олиб борилади. Борган сари таҳдид остида қолган, ҳибс қилинган, қийноққа солинган блоггерлар сони ортиб бормоқда. Камида бир киши қамоқхонада ҳаётдан кўз юмган.

Айни пайтда дунёда "интернет душманлари" рўйхати олдинги қаторидан ўрин олган Ўзбекистон эса, Фридом Ҳайз ҳисоботида тилга олинмаган.