Ливиядаги 'ўта жиддий' инсоний инқироз муҳокама қилинади

Мисрата Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мисрата шаҳри беш ҳафтадан ортиқроқ вақтдан бери ҳужумлар остида

Британия БМТ расмийлари билан Ливия ғарбидаги "ўта жиддий" инсоний инқирозни муҳокама қилмоқда.

Ливия ҳукуматига содиқ кучлар мамлакат ғарбидаги Мисрата шаҳри назоратини қайтариб олишга қаратилган ҳужумларни кучайтиришган.

Шаҳар беш ҳафтадан ортиқроқ вақтдан бери нишонга олинмоқда.

Хабарларга кўра, якшанба куни ракета ҳужумларида олти киши нобуд бўлган ва элликка яқин одам яраланган.

Ҳукуматпараст кучлар мамлакат шарқидаги Аждабия шаҳрини ҳам оғир қуроллар билан нишонга олишмоқда.

Ёрдам ходимлари ва аҳоли вакиллари озиқ-овқат, электр қуввати, сув ва дори-дармонлар етишмаслиги натижасида вазият янада оғирлашаётганини айтишади.

Шаҳарда Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Осиёдан келган муҳожир ишчилар ҳам танг аҳволда қолишган.

Британия ҳужумлар остида қолган Ливия аҳолисига янги молиявий кўмаклар ажратилаётганини маълум қилган.

Британия Бош вазири Девид Камерун Ливияга бостириб кириш режалари йўқлиги ва БМТ резолюциясига қатъий амал қилинишини айтган.

Британ Халқаро Тараққиёт вазири Эндрю Митчеллнинг Би-би-сига билдиришича, пулнинг маълум қисми Мисратадаги муҳожир ишчиларни эвакуация қилиш учун сарфланади.

Эндрю Митчелл бу ҳақда Нью Йоркда эълон қилган. У бу ерда БМТ расмийлари билан Ливия фуқароларига кўмак амалиётларини кучайтириш масаласини муҳокама қилиш учун келган. Эндрю Митчеллнинг айтишича, муҳожирлар турган жойдан бор-йўғи 250 метр нарида бомба ва ракеталар портламоқда.

Унга кўра, Британия Ливиядаги мухтож одамларга кўмак етказиш ишларига тўсиқларни олиб ташлаш йўлида қўлидан келган барча ишни қилади.

БМТ расмийлари ҳам Ливия ҳукуматидан мамлакат ичкарисида ёрдам амалиётларини амалга оширишга изн беришни сўраб келади.