Нигерия шимолида президентлик сайловлари ортидан зўравонликлар бошланиб кетган

Kano Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Канодаги норозиликлар...

Сайлов натижалари жорий Президент Гудлак Жонатан ғалаба қилганини кўрсатган.

Шимолдаги Кано ва Кадуна шаҳарларида Жонатан жанобларининг тарафдорлари уй-жойларига ҳужум қилинган.

Президентнинг асосий рақиби Муҳаммаду Буҳари мамлакат шимолида энг кўп дастакка эга.

Буҳари жаноблари тарафдорлари полиция ва ҳарбийлар билан тўқнашгани хабар қилинади.

Улар сайлов натижалари жанубнинг айрим минтақаларида сохталаштирилганига ишонадилар.

Норозилик билдираётганлар жараёнда иштирок этган сайловчилар сони ва натижалар ўртасида фарқ борлигини айтишмоқда.

Деярли барча овозлар санаб бўлинаркан, Халқ Демократик Партияси номзоди Жонатан жаноблари ўз рақибидан қарийб икки бараварга ўзиб кетгани маълум бўлган.

Африка Иттифоқи кузатувчилари ушбу сиёсий жараённи Нигерияда ўнлаб йиллардан буёнги энг яхши сайлов дея таърифлашган.

Жаноб Жонатан президентликка ўтган йил Умару Муса Яр-Адуа вафот этиши ортидан тайинланганди. Насроний динига мансуб Гудлак Жонатан бунгача вице-президент лавозимида ишлаган.

У қайта-қайта сайловлар эркин ва адолатли ўтишига ваъда берганди.

Шимолдаги энг йирик шаҳар Канода Жонатан жанобларининг суратлари осилган уйлар ёқиб юборилган. Кўчаларни тўлдирган ёшлар "Фақат Буҳари!" дея ҳайқиришаётгани хабар қилинади.

Кадуна шаҳрида 24-соатлик комендантлик соати эълон қилинган. Сайлов кузатувчилари дўконлар ёпилаётгани ва одамлар уйларига қочиб кетишаётганини айтишган.

Ёшлар шаҳар шимоли ва жанубидаги минтақаларда полиция ва ҳарбийлар билан тўқнашишмоқда. Хавфсизлик кучлари уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва ҳақиқий қуроллар қўллаган.

Маҳаллий телевизион станцияларининг хабар қилишича, Жонатан жанобларининг елкадоши вице-президент Намади Самбонинг уйига ўт қўйилган. Хабарларга кўра, шаҳар марказий қамоқхонасига ҳужум қилинган ва маҳбуслар қўйиб юборилган.

Гомбе, Адамава, Катсина ва Сокото штатларида ҳам зўравон тус олган норозилик чиқишлари кечаётгани хабар қилинади.