Ху Жинтао Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг 'беш тамойили'ни илгари сурди

Image caption Хитой Ўзбекистонни минтақадаги диний экстремизм ва бўлгинчиликка қарши курашда муҳим ҳамкор сифатида кўради

Хитойнинг Синхуа агентлигига кўра, жаноб Ху Президент Каримов билан музокаралар чоғида икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш юзасидан беш таклифни илгари сурган.

Биринчиси-ўзаро сиёсий ишонч ва ҳукуматлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш.

Иккинчиси-"прагматик ҳамкорлик" имконларини ўрганиш. Хитой раҳбарига кўра, бундай ҳамкорлик савдо ва энергетика соҳаларини қамраб олади.

Учинчиси-минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳамкорлик.

Тўртинчиси-одамлар ва ноҳукумат ташкилотлари ораисдаги борди-келдиларни кучайтириш ва ниҳоят бешинчиси - халқаро майдонда ўзаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва бир-бирини дастаклаш.

Ўзбекистон президенти Хитойга икки кунлик давлат ташрифи билан борган.

Ташрифда жаноб Каримовга унинг рафиқаси Татяна Каримова ҳам ҳамроҳлик қилмоқда.

Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликка доир саккизта ҳужжат имзоланган.

ЖСТга аъзолик

Хитой Президенти Ху Жинтао шунингдек, Ўзбекистонинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзолигини ҳам қўллаб-қувватлаган.

Бу ҳақда Хитой раҳбари Президент Каримов билан Пекиндаги музокаралар чоғида маълум қилган.

Хитойнинг давлат Синхуа агентлигига кўра, жаноб Ху икки Осиё давлати ўртасида жадал суръатларда ривожланаётган алоқаларни олқишлаган ва савдо, энергия, транспорт ва коммуникация соҳасидаги алоқаларни кучайтиришга чақирган.

Хитой Ўзбекистон билан энергетика заҳираларини тадқиқ этишга доир кўп миллиард долларлик битимларга эга.

Таҳлилчиларга кўра, иқтисоди жадал суръатларда ривожланаётган Хитой Марказий Осиёни "хомашё базаси" сифатида кўради.

Пекин минтақа давлатлари инфратузилмаларига миллиардлаб доллар сармоя киритиш ражасига ҳам эга.

Россия Миллий Стратегия Институтининг директори Юрий Солозобовга кўра, Хитойнинг асосий мақсади стратегик муҳим бўлган соҳалар, жумладан сув ва энергетика иншоотлари, шунингдек, хом ашё манбаълари назоратини қўлга олишдир.

"Тожикистонда Хитой манфаати, йўл ва тунеллар, сув ГЭСларига қаратилган бўлса, Ўзбекистонда Хитойни асосан уран, газ ва бошқа ерости қазилмалари қизиқтиради", - дейди таҳлилчи.

Ўзбекистон 1994 йилда Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиб кириш ҳақида ариза берган ва ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Ўзбекистоннинг ЖСТ га аъзо бўлиб кириши юзасидан тузилган Ишчи гуруҳининг биринчи мажлиси 2002 йилда Женевада бўлиб ўтган.

Мутахассисларга кўра, Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиб киришни истаган давлат олдида иккита савол туради: қачон ва қандай шартларда аъзо бўлиш.

Қирғизистонга ўхшаб, музокаралар жараёнини тезлаштириш ва уч йилда аъзо бўлиш ёки Хитой каби алоҳида мақом талаб қилиш ва музокаралар жараёнини 15 йилга чўзиш мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати аъзолик ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши керак, деган тамойилдан келиб чиқиши ва бу борада фаол иш олиб бораётганини айтади.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги юзасидан тузилган Ишчи гуруҳининг охирги мажлиси 2005 йилда бўлиб ўтган.

Айрим хабарларга кўра, ҳозирда музокаралар тўхтаб қолган.

Ўтган йили Тожикистонда бўлиб ўтган анжуманда гапирган АҚШнинг USAID агентлигининг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзолик масалалари бўйича бош маслаҳатчиси Еван Йекич Ўзбекистондан олти йил кейин ариза топширган Тожикистон ташкилотга аввалроқ аъзо бўлиб кириши мумкинлигини айтган.

Ташкилотга аъзолик номзод давлатлар иқтисодининг очиқ бўлишини талаб этади.

Аммо Ўзбекистонда шўро давридаги режа иқтисодиёти ва маъмурий-буйруқбозлик тизимининг кўпгина унсурлари сақланиб қолгани айтилади.

Ҳукумат иқтисоднинг барча соҳаларини қаттиқ назорат қилади ва сўмнинг эркин конвертацияси чекланган.

Террорга қарши кураш

Минтақада терроризм ва бўлгинчиликка қарши кураш масалалари Президент Каримов ва Ху Жинтао музокараларида муҳим ўрин эгаллаган.

Хитой президенти Марказий Осиё ва мусулмон уйғурлар яшайдиган Шинжон минтақасида амал қилиши айтиладиган "Шарқий Туркистон" сингари террорчи гуруҳларга "қаттиқ зарба бериш" кераклигини айтган.

Хитой мамлакат шимоли-ғарбида мустақиллик учун курашаётган уйғурларни "исломий экстремист ва террорчилар" сифатида тасвирлайди.

Ўзбекистон президенти Хитойнинг Тайван ва Тибет бўйича мавқейини тўла дастаклашини билдирган.

Хитой матбуотига кўра, Пекин ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар "бир маромда" ривожланмоқда.

Расмий Пекин Президент Каримов тузумига сиёсий ва иқтисодий дастак бериб келади.

Хитой, шунингдек, Ўзбекистонни минтақадаги диний экстремизм ва бўлгинчиликка қарши курашда муҳим ҳамкор сифатида кўради.