Мусулмон гуруҳи британ шаҳзодаси тўйида намойиш ўтказа олмайди

Image caption "Салбчиларга қарши Мусулмонлар" гуруҳи мубоҳасали шиорлари ва намойишлари билан яхши танилган

Британия полицияси радикал Исломий гуруҳнинг Шаҳзода Вилямнинг тўйи куни Вестминстер Аббей черкови ташқарисида норозилик намойишини уюштириш учун қилган аризасини қондирмаган.

"Салбчиларга қарши Мусулмонлар" номли айни гуруҳ Хотира куни бўлиб ўтган аввалги намойишида Британияда тақиладиган анъанавий қоғоз лолақизғалдоқларни ёқишни уюштирганди.

Скотланд Ярд тўй куни маросимга яқин бошқа намойишлар ҳам ман этилиши борасида музокаралар олиб борилаётганини билдирди.

"Англия Мудофаа Лигаси" номли миллатчи гуруҳ агар мусулмон гуруҳга рухсат берилса, бу гуруҳга қарши ўз намойишини ўтказишини айтганди.

Шаҳзода Вилям ва Кейт Миддлтон тўйи куни беш минг полиция зобити хизматда бўлади.

Муҳим меҳмонларни яқиндан қўриқлаш учун 70-80та жамоалар тузилган.

Полиция аллақачон Лондон марказида портловчи моддаларни қидира бошлаган.

Зобитлар Вестминтер Аббей черковигача бўлган йўлнинг ҳар бир сантиметрини текширишмоқда, изқувар итлар эса бомбаларни ахлат идишларидан қидиришмоқда.

Қиролича оиласидан ташқари тўй маросимида 50 нафар давлат раҳбари иштирок этади. Маросимни икки миллиард одам телевизор орқали томоша қилиши кутилади.