Сурияда фавқулодда ҳолат қонунлари бекор қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳомс шаҳридаги намойишларда беш мингдан ошиқ одам қатнашди.

Сурияда Президент Башар ал Ассад ҳокимиятига қарши намойишлар давом этар экан, ҳукумат деярли ярим асрдан бери амалда бўлган фавқулодда вазиятни бекор қилди.

Сиёсий маҳбуслар маҳкама ишларини олиб борган давлат хавфсизлик маҳкамаси тарқатиб юборилган ва тинч намойишларга йўл очиб берувчи янги қонун тасдиқланган.

Фавқулодда ҳолат қонунларининг бекор этилиши намойишчиларнинг асосий талаби эди.

Мазкур қонунларга кўра, ҳар ким маҳкама ишисиз чекланмаган муддатга қамоққа олиниши мумкин эди.

Фавқулодда қонун 1962 йилдан бери кучда бўлиб, фуқароларнинг аксар конституциявий ҳимояларини музлатиб қўйган.

1971 йилдан бери қудрат аввало Ҳофиз ал Ассад, сўнгра унинг ўғли Башар ал Ассад қўлида жамланган.

Аввалроқ, ғарбий Ҳомс шаҳридан экани айтилган видеороликда хавфсизлик кучлари одамларга қарата ўт очгани намоён бўлган.

Сурия ички ишлар вазири одамларни хавфсизлик ва барқарорлик манфаатларида намойишларда иштирок этмасликка чақирган.

У агар намойишлар ўтказилса, "халқ хавфсизлиги ва мамлакат барқарорлиги йўлида Сурияда амалда бўлган қонунлар ишга солинади" деб айтган.

Би-би-си мухбири Оуэн Беннет-Жоунсга кўра, фавқулодда қонуннинг бекор этилиши ва ички ишлар вазирининг бу баёноти ўртасидаги фарқ Сурия сиёсатининг энг юқори поғоналарида йирик баҳс кетаётганидан дарак беради.

Бироқ, унинг айтишича, фавқулодда қонунларнинг бекор қилиниши намойишчиларни тўла қондирмайдиган кўринади.

Фаоллар президент Ассадга қарши чиқишларда шу кунгача 200 суриялик вафот этганини айтишмоқда.