АҚШ юқори мулозими Покистонни жангарилар билан алоқада бўлишда айблади

Адмирал Маллен Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Адмирал Маллен хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун Покистонга сафар қилмоқда

АҚШ юқори ҳарбий мулозими, Адмирал Майкл Маллен Покистон жосуслик хизмати - Ай-Си-Айни Афғонистондаги қўшинларни нишонга олаётган жангарилар билан яқин алоқада бўлишда айблади.

Унинг айтишича, Ай-Си-Ай Жалолиддин Ҳаққоний бошчилигидаги афғон исёнкорлари гуруҳи билан "узоқ йиллик ришталарга эга".

Адмирал Маллен бу ҳақда чоршанба куни Исломободга сафари олдидан Покистоннинг "Dawn" газетасига гапирган.

Покистон расмийлари афғон исёнчилари билан ҳеч қандай алоқалари йўқлигини доимо айтиб келишади.

"Ай-Си-Айнинг Ҳаққоний тармоғи билан узоқ йиллик ришталарга эга экани кўпчиликка яхши маълум," деб айтган Адмирал Маллен.

Унга кўра, Жалолиддин Ҳаққоний Афғонистондаги исёнчиларни "қўллаб-қувватлаяпти, молиялаяпти ва ҳарбий тайёргарликдан ўтказаяпти."

Аммо Покистон жосуслик хизмати юқори мулозимининг "Рейтер" хабар агентлигига маълум қилишича, АҚШ мулозими илгари сурган айблов асоссиздир.

"Агар у биз Жалолиддин Ҳаққонийни ҳимоя ва ёрдам билан таъминлаяпмиз, деган хаёлда бўлса, адашади," деб айтган ўз исми ошкор бўлишини истамаган покистонлик мулозим.

Ҳалокатли ҳужумлар

Бироқ таҳлилчиларга кўра, Ҳаққоний бошчилигидаги исёнкорлар гуруҳи Покистонда 2001-йилдан буён фаолият олиб боради ва Ай-Си-Айнинг унга бўлган таъсири ҳалиям катта.

Гуруҳ Афғонистоннинг Покистонга яқин чегара ҳудудларида хорижий кучларга қарши кўплаб ҳалокатли ҳужумлар учун масъул деб билинади.

Адмирал Маллен ушбу масалани Покистон армияси қўмондони ва бошқа раҳбарлар билан учрашуви чоғида муҳокамага қўйишини айтган.

Унга кўра, Ҳаққоний гуруҳининг Ай-Си-Ай томонидан дастакланаётгани Америка ва Покистон муносабатларидаги "энг қийин нуқтадир".

Адмиралнинг ушбу изоҳи АҚШ-Покистон муносабатлари совуқлашган бир паллага тўғри келмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликлар Америка Марказий Разведка Бошқармаси билан ҳамкорлик битимига эга бўлган Раймонд Дэвис туфайли издан чиққанди.

Раймонд Дэвис Лаҳор шаҳрида икки покистонликни отиб ташлагани учун ҳибсга олинган ва кейинчалик озод этилганди.

Мазкур ҳодиса Покистон бўйлаб Америкага қарши намойишларга йўл очди.

Мухбирларга кўра, оддий покистонликлар, ҳарбийлар ва юқори мулозимлар ўртасида Америкага нисбатан нафрат ҳисси ҳамон кучлилигича қолмоқда.