Wikileaks: 'Гуантанамода бегуноҳ маҳбуслар ушлаб турилган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳужжатларда Гуантанамодаги сўроқ қилиш техникаси ҳақида кўп нарса айтилмайди

Wikileaks веб саҳифаси қўлга киритган махфий ҳужжатлардан маълум бўлишича, АҚШ Гуантанамода ушлаб турилган маҳбусларнинг кўпчилиги бегуноҳ ёки унчалик хавфли эмас, деб ишонган.

АҚШ ва Оврўпо рўзномаларида эълон қилинган ҳужжатлар ҳозирга қадар Гуантанамода сақланган 780 кишига тавсифномаларни ўз ичига олади.

Улардан англашилишича, 220 нафар маҳбус "хавфли терорчи" деб кўрилган.

Аммо камида 150 киши бегуноҳ афғон ва покистонлик ҳайдовчилар ва деҳқонлар бўлиб, Гуантанамога тасодифан тушиб қолишган.

Уларни бошқа одам деб ўйлашган ёки нотўғри вақтда нотўғри жойда бўлиб қолганлар.

Шундан сўнг улар то ҳарбий раҳбарият нима қилиш ҳақида қарор бергунича йиллар давомида Гуантанамода қолишган.

Маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган Лондондаги "Reprieve" инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Клайв Смитнинг айтишича, ҳужжатлар Қўшма Штатлар маҳбусларнинг террорчи эканини аниқлашда шошма-шошарлик билан қарор қабул қилганини кўрсатади.

"Мен бу ҳужжатларнинг кўпчилиги билан хали махфийлигидаёқ танишганман. Америка уларнинг ҳаммасини зўравон жиноятчилар, деб келган. Аммо бу исботлангани йўқ. Ва мен ўйлайманки, биз бу террорга қарши урушда биронта одамнинг Америка айтаётган одам эканига ишонишдан олдин жуда, жуда эҳтиёт бўлишимиз керак", - дейди маҳбуслар ҳимоячиси.

Ошкор этилган ҳужжатларда яна 380 нафар маҳбус жосуслик хизматлари учун унчалик қизиқ бўлмаган қўйи бўғиндаги жангарилар, деб тасвирланади.

Ҳозирда Гуантанамода 180 дан ортиқ маҳбус сақланмоқда.

'Ал-Қоиданинг атом бомбаси'

Ҳужжатларда шунингдек, тергов жараёнида ошкор бўлгани айтилган АҚШ ва Оврўподаги нишонларга қарши ҳужум режалари тафсилотлари ҳам берилган.

Ҳужжатлардан бирида Ал-Қоида Оврўпода яшириб қўйилган ядровий қуролга эга экани, Усома Бин Лодин қўлга тушгани тақдирда уни портлатиб юбориш режалангани даъво қилинган.

Аммо ҳужжатларда Гуантанамодаги тергов усули ва маҳбусларга қилинган муомала ҳақида унчалик кўп тафсилот берилмайди.

Би-би-сининг Вашингтондаги мухбири Жонни Даймондга кўра, бу каби даъволарнинг кўпчилиги аввал ҳам янграган, аммо ҳеч қачон АҚШ расмий манбаъсидан эмас.

Пентагон ҳужжатларнинг матбуотга сиздирилишини қоралаган ва "таассуф" билдирган.

АҚШ мудофаа вазирлиги ҳужжатлар эскиргани ва улар борасида кейинроқ қабул қилинган хулосаларнинг бошқача бўлганини айтган.

Гуантанамо ҳибсхонаси 2001 йилда Буш маъмурияти остида ташкил этилган эди.

Президент Обама 2009 йилда бир йил ичида ҳибсхонани ёпишга ваъда берган.

Аммо шу йил мартида жаноб Обама Гуантанамодаги маҳбуслар устидан ҳарбий маҳкамаларга рухсат берган.

Оқ Уй жаноб Обама ҳибсхонани ёпиш қарорида қатъий эканини айтган.