Мисратада британиялик ва америкалик журналистлар ҳалок бўлишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters (audio)
Image caption Крис Хондрос ва Тим Хетерингтон Мисратадаги ҳарбий амалиётлар ҳақида хабар бериб боришаётганди

Жанговор амалиётлар ҳақида хабар бериб келаётган икки таниқли сураткаш Ливиянинг Мисрата шаҳрида ҳалок бўлганлар.

Британиялик Тим Хетерингтон миномёт ҳужумидан ҳалок бўлгани ишонилади.

40 ёшли журналист Оскар мукофотига номзодлиги илгари сурилган "Рестрепо" фильмининг муаллифидир.

Хетерингтон ўлишидан бироз аввал интернетдаги кундалигида Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийнинг кучлари "палапартиш отишмалар" олиб боришаётгани ҳақида ёзганди.

Тим Хетерингтон учраган ҳужумда яна бир журналист, 41 ёшли америкалик сураткаш Крис Хондрос оғир яраланган ва кўп ўтмай касалхонада жон берган.

Яна икки ғарблик фотомухбирлар жароҳат олишган.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, журналистлар Ливия армияси томонидан атайин ўққа тутилганлар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи Human Rights Watch ташкилоти вакили Питер Букаерт Хетерингтон ўлимига муносабат билдира туриб "Дарҳақиқат, ҳарбий фотожурналистиканинг даҳоси нобуд бўлди", деб айтган.

Тим Хетерингтоннинг оила аъзолари чуқуқ қайғуга ботганлари, аммо жаҳон Тимни дунёдаги воқеалар борасида ҳақиқатни одамларга етказиб берган беқиёс сураткаш ва жасур журналист сифатида ёдда тутишига ишончлари комил эканини айтишган.

"Тим Ливияда ҳарбий можаролар даврида юзага келадиган инсонпарварлик қийинчиликлари ҳақидаги кўп форматли лойиҳа устида ишлаётганди", - деб айтган унинг оила аъзоси Vanity Fair журналига.

Тим Хетерингтон Афғонистондаги уруш ҳақида олинган "Рестрепо" ҳужжатли фильмининг режиссерларидан бири бўлиб танилганди.

Бу фильми учун Оскар мукофотига номзод деб топилган Тим Хетерингтон ўтмишда тўрт марта йилнинг энг яхши халқаро фотографи мукофотига сазовор бўлганди.

Айни дамда БМТнинг фавқулодда ёрдам мувофиқлаштирувчиси Валери Амос Мисратадаги вазиятга диққатни қаратган. Унинг айтишича, қамал остидаги шаҳарга инсонпарварлик ёрдамини етказиб бериш учун отишмалар тўхтатилиши керак.

Агар Қаддофий қўшинлари бунга кўнмаса, Амоснинг айтишича, БМТ ҳарбий дастак сўраб Оврўпо Иттифоқига мурожаат этади.

Британиялик фотожурналист Гай Мартин ва Нью-Йорклик сураткаш Кристофер Браун уларнинг ҳамкасбларини ўлдирган ҳужумда олган жароҳатлари туфайли Мисрата касалхонасида қолишмоқда.

Ливиядаги ҳарбий можаро феврал ойида бери давом этмоқда. Мисратада, таҳминларга кўра, етти ҳафталик қамал ичида 300 тинч фуқаро нобуд бўлган.