Миср маҳкамаси: 'Ҳусни Муборакнинг исми ҳамма жойдан олиб ташлансин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Миср маҳкамаси мамлакат собиқ президенти Ҳусни Муборак ва рафиқаси Сюзаннанинг исмини барча жамоатчилик жойларидан олиб ташлашга буйруқ берган.

Миср бўйлаб юзлаб майдонлар, кўчалар, кутубхоналар ва мактаблар эса, икковлоннинг номи билан аталарди.

Шу йил феврал ойида бўлиб ўтган бир неча ҳафталик норозилик намойишлари ортидан жаноб Муборакнинг 29 йиллик бошқаруви якун топганди.

82 ёшли собиқ президент ҳозир Қизил Денгиз бўйидаги Шарм аш-Шайх касалхонасида ҳибс остида сақланмоқда.

Жаноб Муборакнинг коррупция ва оммавий намойишлар чоғида намойишчиларга қарши куч қўллашга алоқадор айблар билан тергов қилиниши кутилаётир.

Миср ахборот агентликлари тарқатган сўнгги хабарларда эса, Ҳусни Муборакнинг аҳволи яхши эмаслиги айтилади.

'Ҳаддан зиёд куч қўллаш'

Миср собиқ президентининг портретлари аллақачон жамоат жойларидан олиб ташланган.

Буёғига Ҳусни Муборакнинг исмини ҳам олиб ташлашга қарор бераркан, ҳакам Муҳаммад Ҳасан Умар, "ҳар куни ошкор этилаётган маълумотлардан коррупция миқёси мамлакатда ақл бовар қилмас даражада экани"ни айтган.

Маҳкама ҳукми ортидан Миср нақлиёт вазири жаноб Муборакнинг исми барча вазирлик бинолари ва Қоҳира марказидаги йирик метро бекатидан ҳам олиб ташланишини билдирган.

Қоҳирада бўлган мухбиримизга кўра, кўчаларни сўнгги аксилҳукумат намойишларида қурбон бўлганлар номи билан аташ таклифлари ҳам йўқ эмас.

Миср ҳукумати томонидан тайин этилган махсус ҳайъатнинг сўнгги маълумотларига кўра, шу ой бошида бўлиб ўтган 18 кунлик оммавий намойишлар чоғида камида 846 киши қурбон бўлган ва 6.400 нафари яраланган.

Ҳакамлардан иборат ҳайъатнинг билдиришича, хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ҳақиқий ўқ қўллашган, бинолар томларига мерганларни жойлаштиришган ва уларни босиб кетиш учун машиналардан фойдаланишган.

Буёғига жаноб Муборак, унинг қатор вазирлари ва мулозимлари билан бирга икки ўғлининг ҳам терговга тортилиши кутилмоқда.