Сўнгги янгиланиш 22 апрел 2011 - 18:09 GMT

Роберт Гейтс: 'АҚШ Ливияга учувчисиз қирувчи учоқларини юборади'

Америка Мудофаа вазири Роберт Гейтснинг айтишича, Ливиядаги ҳарбий амалиётларда қўллаш учун учувчисиз қирувчи учоқларини юборишга қарор қилишган.

Жаноб Гейтсга кўра, қарор президент Барак Обама томонидан маъқулланган ва учувчисиз қирувчи учоқлари Ливия узра олиб борилаётган ҳаво ҳужумларида нишоннинг аниқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бу каби учувчисиз учоқлар бир неча йилдан буён Покистон ва Афғонистон чегарасидаги жангариларни йўқ қилишда қўллаб келинади.

Ливиядаги исёнчилар феврал ойидан буён мамлакат раҳбари полковник Муаммар Қаддофийнинг қўшинларига қарши жанг олиб боришса-да, жиддий ютуқларга эриша олганлари йўқ.

АҚШ Мудофаа вазирининг билдиришича, Ливия осмонида ҳарбий амалиётлар олиб бораётган Нато кучлари ихтиёрига иккита учувчисиз қирувчи учоқ юборилади.

Америка Қуролли кучлари қўшма штаби бош қўмондони муовини генерал Жеймс Картрайт(James Cartwright) эса, кеча пайшанба куни учоқлардан бирини ишга солишга уриниб кўришгани, аммо об-ҳавонинг ёмон экани боис бунга имконли бўлишмаганини айтган.

Генерал жанобларига кўра, учувчисиз учоқлар одатий қирувчи учоқлардан кўра пастроқда учишга қодир бўлгани учун "шаҳар шароитларида ниҳоятда қўл келади" ва танку бошқа нишонларни аниқ кўришга имкон яратади.

Расмий Триполи нима дейди?

Бироқ Ливия Ташқи ишлар вазири ўрибосарининг огоҳлантиришича, учувчисиз қирувчи учоқлар янада кўпроқ инсоний талофатларга сабаб бўлиб, мамлакатдаги қуролли низонинг ечимида жиддий таъсирга эга бўлмайди.

"Учувчисиз учоқлар кўплаб оддий фуқароларнинг ўлимларига сабаб бўлади ва бу қайғулидир. Ливияликлар ўз тақдирларини ўзлари ҳал қилишлари лозим. Бу ишни исёнкорларга пул ёки қурол-яроғ бериб, Ливияга янада кўпроқ ҳарбий жиҳозлар юбориб ё-да ҳаво ҳужумларини кучайтириб, амалга ошириб бўлмайди," деб айтган Холид Хайим.

АҚШ Мудофаа вазири, ўз ўрнида, учувчисиз қирувчи учоқларини юборишаётгани Ливиядаги "ҳарбий амалиётларга муккасидан кетганликлари"ни англатмаслиги, ҳалиям у ерга пиёда аскарларини юбориш режасида эмасликларини таъкидлаган.

Ўз навбатида, америкалик республикачи сенатор Жон МакКейн Ливиядаги исёнкорларнинг асосий таянч нуқтаси бўлган Бенғози шаҳрига ташриф буюрган.

Жаноб МакКейнни Бенғозида ўнлаб кишилар олқишлар билан кутиб олишган.

АҚШ президентлигига собиқ номзод Жон МакКейн Ливияда ғалаёнлар бошланиб кетган ўтган икки ой ичида мамлакатнинг исёнкорлар қўлида бўлган шарқий минтақасига сафар қилаётган илк юқори мартабали америкалик мулозимдир.

Мисратада нима гап?

Ливиянинг бир неча ҳафтадан буён қақшатқич жанглар кечаётган Мисрата шаҳридан эса, тинч аҳолини эвакуация этиш ишлари давом этмоқда. Бугун яна мингдан ортиқ мисраталиклар тушган қайиқ Бенғози шаҳрига етиб келган.

Уларнинг орасида айримларининг аҳволлари ниҳоятда оғир бўлган тинч фуқаролар ва юзлаб меҳнат муҳожирларининг борликлари айтилади.

Халқаро ёрдам ходимларидан бирига кўра, Мисратадаги вазият ниҳоятда оғир:

"Шаҳардаги шифокорларнинг бошлари шишиб қолган. Таъминот йўқ. Биз у ерга имкон даражада кўпроқ дори-дармон юборишга ҳаракат қилаяпмиз," дейди Ҳоқон Билгин.

Мисратадаги шифокорларга кўра, бир неча ҳафталик жанглар оқибатида қурбон бўлганларнинг сони бугунга келиб минг кишидан ҳам ортиб кетган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.