Мутаассиб руҳоний Терри Жонеснинг янги режаси чиппакка чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Америка маҳкамаси зиддиятли мутаассиб руҳоний Терри Жонес ва Уэйн Саппнинг Мичиган штатидаги масжид ташқарисида намойиш уюштиришларини расман тақиқлади.

Маҳкама, бундан ташқари, икковлонга уч йилгача Деарборндаги Исломий марказ яқинига йўламасликка ҳам буйруқ берди.

Маҳаллий ҳакам руҳонийларнинг навбатдаги режаси ҳам зўравонликларга етаклаши мумкин, деган тўхтамга келган.

Маҳкамадаги чиқиши чоғида Терри Жонес Ислом динига қарши ўз норозилигини изҳор этишга ҳақли экани ва бу ҳуқуқи АҚШ Конституцияси томонидан ҳимояланганини урғулаган.

Унинг чиқишига жавобан ҳакам Роберт Моран норозилик чиқишининг мамлакат конституциясига ҳеч бир алоқаси йўқлиги, руҳоний ўз режаси билан жамоат хавфсизлиги ва тинчлигини хавф остига қўяётганлигини айтган.

Хабарларга кўра, маҳкама жараёни сўнггида ҳакам томонидан тайин этилган 1 АҚШ доллари миқдоридаги тўловни тўлашдан бош тортганликлари учун ҳар икки руҳоний қисқа муддатга ҳибсга ҳам олинган.

Жаноб Жонеснинг ўтган ой Уэйн Сапп билан бирга Флорида штатидаги черковида "Қуръони Карим" устидан олти соатлик маҳкама жараёни ўтказиб, сўнгра уни ёқиб юбориши Афғонистонда қонли намойишларга сабаб бўлганди.

"Қуръон"нинг ёқилишига қарши Афғонистоннинг турли минтақаларида ўтказилган қатор оммавий норозилик намойишлари Бирлашган Миллатлар ходимлари дохил ўнлаб кишиларнинг қурбон бўлишлари билан якунланганди. Яна кўплаб одамларга тан жароҳати етганди.

Ўзини ушбу ҳодисаларга масъул эмаслигини баён қилган руҳоний Терри Жонеснинг даъво қилишича, "Қуръони Карим" тоқатсизлик ва зўравонликларни тарғиб этади.

Руҳоний ўз шериги билан бирга кеча жума куни кечқурун АҚШдаги энг йирик мусулмон жамоаларидан бири истиқомат қилувчи Деарборн шаҳридаги Исломий марказ қаршисида намойиш ўтказмоқчи бўлган.

Деарборн аҳолиси 30.000 кишидан иборат бўлса, шунинг учдан бир қисмини келиб чиқиши яқин шарқлик бўлган мусулмонлар ташкил этишади.

Аён бўлишича, маҳаллий қораловчилар руҳонийларнинг режаси янги зўравонликларга сабаб бўлишидан қўрқиб, Деарборн туман ҳакамидан ушбу ишга аралашишини сўрашган.

Аммо The Detroit Free Press нашри келтирган иқтибосида руҳоний Терри Жонес, "келаси ҳафта қайтиб, янгитдан намойиш уюштиришга уриниб кўриши"ни айтган.