Кобул қўналғасидаги отишмада бир неча киши ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғонистон Ҳаво кучлари зобитининг Кобул шаҳар қўналғасида ўқ очиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлиб, қатор кишилар жароҳатланган.

Афғонистон Мудофаа Вазирлигининг маълум қилишича, 20 йилдан бери учувчилик қилиб келган афғон зобити айтишув вақтида хориж кучларига қарата ўқ очган.

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган аскарлар ақйси мамлакатдан эанлиги ҳозирча маълум эмас.

Афғон расмийлари оқ очган учувчининг ўзи ҳам отишмада ҳалок бўлганлигини тасдиқладилар.

Ҳодиса Кобул қўналғасида Ҳаво кучларига тегишли бинода маҳаллий вақт билан соат эрта 11 ларда юз берган.

Афғон Хавфсизлик хизмати расмийсининг Би-би-сига айтишича, Гул Аҳмад исмли зобит асли Кобуллик бўлган.

Расмийнинг айтишича, зобит ё хориж аскарлари билан айтишиб қолган, ёда Толиблар томонидан ёлланганидан сўнг ҳужумни аввалдан режалаштирган.

Толиблар ҳодисада масуълиятни ўз бўйниларига олиб, хабар агентликларидан бирига билдириш юборганлар.

Мухбирларга кўра, Афғон Миллий кучларига сафларига кўп сонли аскарларни ёллаш Толибларнинг миллий кучлар таркибига сингиб кириш эҳтимолини кучайтирган.

"Reuters" агентлигининг хабар беришича, НАТО сўзчиси отишма рўй берганлигини тасдиқлаган.

Охирги икки йил мобайнида Афғонистондаги хорижий кучлар сафида хизмат қилаётган 42 аскар Миллий кучлар аскарлари ёда ҳарбий форма кийиб олган Толиблар томонидан отиб ўлдирилган.

Чорак миллионга яқин аъзоси бўлган Афғонистон Миллий Қуролли кучлари ва 130 мингга яқин аскари бўлган хорижий кучлар орасида бу каби ҳодисалар камдан-кам юз беради, аммо аскарлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши тайин.

Британия ва АҚШ кучлари Афғон хавфсизлик кучлари билан елкама-елка ойлар мобайнида ҳамкорлик қилиб келаётган бўлсалар ҳам, ҳамиша огоҳ бўлишлари кераклигини айтганлар.