Суриядаги аксилҳукумат ҳаракатлари тарихига назар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Суриядаги жорий мухолиф ҳаракатлари даври 2000 йиллар бошларидан "Дамашқ баҳори" номини олган.

Сурияда охирги бир неча йил мобайнида аксилҳукумат ҳаракатлари кўзга ташланмаган бўлсада, мухолифат ва уни бостириш уринишлари анчайин узун тарихга эга.

41 йил аввал жорий президенти Башар Ал-Асаднинг отаси Ҳофиз Ал-Асад қудратга келганди.

Ўшандан бери мамлакатда қатор оммавий норозиликлар рўй берди.

Норозиликлар қаттиққўллик билан бостирилди, шу билан бирга баъзи ўзгаришлар ваъдалари ҳам берилди.

Шундан бери мухолиф фикр асосан зиёлилар орасида ва охирги йилларда Интернет саҳифаларида изҳор этиб келинарди.

Лекин Сурия сиёсий саҳнаси 40-60 йиллар орасида ҳодисаларга ўта бой бўлган.

Биргина 1949 йилнинг ўзида уч маротаба ҳарбий тўнтариш рўй берди. 1954 йили яна бир ҳарбий тўнтариш.

1963 ва 1966 йиллари "Баас" партияси раҳбарлигида давлат тўнтаришлари юз берди.

Жорий ҳукуматга қарши охирги норозилик чиқишлари 1970 йилларда рўй берди.

Бу ҳаракатлар йиллар мобайнида давом этиб, 1982 йили авжига чиқди.

1982 йили Ҳама шаҳрида халқ норозилиги рўй берган вақти, ҳукумат томонидан аёвсизларча бостирилиб, мингга яқин инсон нобуд бўлди.

Шундан кейин либерал ва чап қанот ҳаракатларга тазйиқлар бошланди.

Сурия бўйлаб кенг миқёсли норозиликлар қайта бошланишига туртки бўлган омиллар

2000 йили президент Ҳофиз ал-Асаднинг ўлимидан сўнг мухолиф қарашлар яна жонланиб, мамлакатда "Дамашқ баҳори", дея ном олган давр бошланди.

Бу давр норозилик чиқишларидан кўра, зиёлилар орасида қизиган баҳсларга тўла эди.

Бу баҳслар сиёсий фаолликнинг қайта туғилишига туртки берди.

Фаоллар сиёсий ислоҳотларга даъват қила бошладилар. Улардан бири Жамал ал-Атасси форумининг асосчиси Суҳайр ал-Атасси эди. Форумни расмийлар 2005 йили ёпиб қўйишди. Лекин Суҳайр форумни яқинда Интернетдаги баҳс гуруҳи шаклида қайта очди.

Миср ва Ливиядаги ҳодисалардан илҳомланиб, Атасси хоним ва унинг издошлари кичик миқёсдаги норозилик чиқишларини уюштиришга ҳаракат қилдилар.

Уларнинг чиқишлари полиция томонидан бостирилди ва Суҳайр ал-Атасси 16 март куни ҳибсга олинди.

Унинг ҳибсга олинишидан бир неча кун ўтиб Дарадаги ҳодисалар кенг норозиликларга туртки берди.

Сурия ҳукумати норозиликларни бостира оладими?

Таҳлилчиларга кўра, охирги кунларда ҳукумат намойишларни бостириш ҳаракатларини анчайин кучайтирди. Баъзиларга кўра, мамлакат фуқаро уруши арафасида турибди.

Ҳукумат мухолифатни синдириш учун хавфсизлик ва қуролли кучларни тўлиқ ишга солмоқда.

Тунис ва Мисрдан фарқли ўлароқ Башар ал-Асад ва қуролли кучлар ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ. Айниқса Президент қўриқчилари гаврдиясига унга жуда содиқ.

Хавфсизлик кучларнинг аксар аъзолари ал-Ассадларнинг алавийлар мазҳабидандирлар. Улар нафақат раҳбариятни қутқариб қолиш учун балки ўз мазҳабларининг ва жамоаларини қутқариб қолиш учун ҳам тиш-тирноқлари билан курашишлари кутилади.

Лекин президент ал-Ассад жорий инқироздан омон қолган тақдирда ҳам ўта заифлашган ва "сиёсий жароҳатлар" билан чиқиши тахмин қилинмоқда.