Президент Медведевни дастаклаган маслаҳатчи Кремлдаги мақомидан жудо бўлди

Image caption Павловский Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонга сафар қилган сиёсатчилар делегациясига бошчилик қилган

Таниқли политтехнолог Глеб Павловский Би-би-си билан суҳбатда президент маъмурияти маслаҳатчиси мақомидан четлатилганини билдирган.

Павловскийнинг айтишича, у келгуси президентлик сайловларида Дмитрий Медведевни потенциал номзод сифатида қўллаб-қувватлагани учун Кремлдан йироқлаштирилмоқда.

"Мен мана икки ҳафтадирки президент маъмурияти маслаҳатчиси бўлиб ишламаяпман. Бу менинг келгуси сайловлар борасидаги қилган баёнотларим ва Медведев номзодини афзал кўришим билан боғлиқ", - деди Павловский.

Глеб Павловский 2005 йил Андижон воқеалари ортидан Кремлнинг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга бўлган дастагини очиқ изҳор қилган сиёсатчидир.

У Андижондаги хунрезлик ортидан иштирок этган матбуот анжуманида ғалаёндда иштирок этган андижонликларни қоралаб, Каримовга сиёсий дастак бериш ҳақида гапирганди.

"Авваламбор, бир нарсани аниқлаб олишни тавсия этаман, яъни ҳар бир қўзғолончи, радикални "халқ" деб атаб бўладими? Бу Ўзбекистоннинг ички муаммоларининг бир қисми, ва Россия, Ўзбекистон сўраган тақдирда, унга сиёсий ёрдам кўрсатиши керак", - деб айтганди Павловский.

"Ведомости" газетасининг Кремлдаги аноним манбаларга таяниб хабар қилишича. Павловскийнинг Кремлга кириш рухсатномасини бекор қилиниши борасидаги қонунни президент деъвони раҳбарининг муовини Владислав Сурков шахсан қабул қилган.

Хабарларга кўра, президент деъвони Глеб Павловскийнинг Самарали Сиёсат Жамғармаси билан ҳам алоқаларни узган. Бу жамғарма 1990-йиллар оҳирларидан бери Россия ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилган.

"Интерфакс" билан суҳбатда эса ўз исмини ошкор қилишни истамаган президент деъвонидаги манба Павловскийнинг четлатилиши "оммавий чиқишлари" билан эмас, балки "профессионализм ва этика соҳаси"даги камчиликлари билан боғлиқ.

Россиялик таҳлилчилар мазкур хабарни президентликка номзодлар: Дмитрий Медведев ва Владимир Путиннинг дастак гуруҳлари шаклланаётгани ва сайловолди рақобат кучайгани билан изоҳлашмоқда.