БМТ Хавфсизлик Кенгаши Усама бин Лодиннинг ўлимини хуш қаршилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Президент Барак Обама, Вице-Президент Жо Байден, АҚШ Давлат Котиби Хиллари Клинтон ва миллий хавфсизлик жамоаси аъзолари 1 май куни Усама бин Лодинга қарши рейднинг тафсилотларини олиб туришган

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий Усама бин Лодиннинг Покистонда ўлдирилгани ўз ҳукуматининг терроризмга қарши курашишда хатоларга йўл қўйганини англатишини рад этди.

Вашингтон Пост рўзномасида чоп этилган мактубида жаноб Зардорий ўз мамлакати "терроризмнинг энг йирик қурбони бўлса керак" деб ёзган.

Бин Лодин АҚШ кучлари томонидан Покистоннинг Абботобод шаҳрида отиб ўлдирилган. Покистон рейдда иштирок этмаган.

АҚШ расмийлари бин Лодин Покистонда қўллаб-қувватловга эга бўлган деган шубҳаларини баён қилишган.

54 ёшли бин Лодин ал-Қоиданинг асосчиси ва раҳбари эди. У 2001 йил 11 сентябрида Нью Йорк ва Вашингтонда амалга оширилган ҳужумлар ва бир қатор бошқа бомба ҳужумларига буйруқ беришда айбланган.

Американинг қидирилаётган жиноятчилар рўйхатида энг биринчи ўринда турган бин Лодин ўн йилдирки тутқич бермай келаётганди.

Бироқ, АҚШ расмийлари Абботободдаги виллада амалга оширилган рейдда отиб ўлдирилган ва сўнгра денгизда дафн этилган киши бин Лодин эканига "99.9%" ишончлари комил эканини айтишмоқда.

Улар бин Лодиннинг дафн этилиши видеога олинганини билдиришди, бироқ бу видео ё бин Лодин жасадининг суратлари оммага ошкор этилиши ҳақида бирон маълумот беришмади.

Абботободдаги вилла нуфузли Покистон Ҳарбий Академиясидан атиги бир неча юз метр узоқликда жойлашган.

Оқ Уйнинг террорга қарши кураш бўйича бош расмийси Жон Бреннан Покистонда "бин Лодин дастак тизимига эга бўлмаганига ишониш қийин" деб айтган.

Лекин, рўзномадаги мактубида жаноб Зардорий Покистон "матбуотда тез-тез учрайдиган тасвирларга қарамай, ҳеч қачон фанатизм маскани бўлмаган ва бўлмайди" деб айтган.

"Бундай асоссиз мишмишлар балки янгиликларнинг қизиқроқ бўлишига олиб келар, лекин улар воқеъликни акс эттирмайди", деб ёзади Покистон президенти.

Унинг айтишича, террорга қарши кураш Америка учун қанчалар муҳим бўлса, Покистон учун ҳам шунчалар муҳим.

"Барча НАТО аскарлари орасидаги талафот билан солишдирганда, биз кўпроқ аскарларимиздан айрилдик. Ундан ташқари, 30 минг бегуноҳ фуқаролар ҳалок бўлди ва бутун бошли авлоднинг ижтимоий тараққиёти барбод бўлди" дейди Осиф Али Зардорий.

Би-би-сининг Исломободдаги мухбири Саид Шоайб Ҳасанга кўра, президентнинг бу баёноти кутилмаган янгилик бўлгани йўқ, бироқ барибир кўп саволларни жавобсиз қолдирмоқда.

Ҳукумат ўта қийин вазиятда қолган. Мамлакат ичида халқ ғазабланган, АҚШ эса Покистонда яна бошқа қидирувдаги шахслар бошпана топганми дея хавотирдалар.

2 Май 2011

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

АҚШ Президенти Барак Обамага кўра, Покистонда "Ал-Қоида" раҳбари Усама бин Лодин Қўшма Штатлар кучлари тарафидан ҳалок этилган.

"Ал-Қоида" раҳбари Исломобод ташқарисида Америка жосуслик маълумотлари асосида Покистон махфий хизматлари билан бирга олиб борилган қўшма амалиёт чоғи ўлдирилган.

Обама жанобларига кўра, "қуролли жангдан" сўнг АҚШ кучлари унинг жасадини қўлга киритганлар.

Усама Бин Лодин қатор ваҳшийликлар, жумладан, 2001 йил 11 сентябрда Нью Йорк ва Вашингтонга қарши уюштирилган ҳужумлар ортида турганликда айбланади. У Қўшма Штатлар "қора рўйхати" бошидаги шахс эди.

Жаноб Обама сўнгги янгиликни Американинг "Ал-Қоида"га мағлуб этишга қаратилган саъй-ҳаракатларидаги "энг муҳим ютуқ" сифатида таърифлаган.

АҚШ бутун дунёдаги элчихоналарини ҳушёр ҳолатга келтирган. Улар Бин Лодиннинг ўлдирилиши ортидан қасос ҳужумларига тутилишлари эҳтимолидан огоҳлантирилган.

Янгилик Америка бўйлаб олқишлар билан кутиб олинган, Оқ Уй ташқарисида оламон тўпланиб, "АҚШ, АҚШ" деган шиорларни айтиб қичқиришган.

Ҳужум тафсилотлари

Бин Лодин қарийб 3 минг инсоннинг умрига зомин бўлган 11 сентябр ҳужумларини маъқуллаган ва кейинроқ натижа ўзи кутганидан ортиқча бўлганини айтган.

У боши учун 25 миллион мукофат эълон қилинганига қарамай, қарийб 10 йил давомида Қўшма Штатлар кучларига чап бериб келаётганди.

Барак Обамага кўра, ўтган йилнинг августида унга Бин Лодин қаерда яширинганига оид илк маълумот қўлга киритилгани маълум қилинган.

Аммо, унинг айтишича, ўша пайт маълумотлар ўта ишончли бўлмаган ва калавани учини топиш учун ойлар кетган.

"Бин Лодин Покистон жуда ичкарисида жойлашган қароргоҳда яширингани борасида кўпроқ маълумотларни йиғиш учун мен миллий хавфсизлик хизмати гуруҳим билан қайта-қайта учрашдим".

"Ва ниҳоят, ўтган ҳафта мен амалиё қадамни қўйиш учун етарлича жосуслик маълумотларига эгамиз деган қарорга келдим ва Усама Бин Лодинни ушлаш ва жазога тортиш амалиётига рухсат бердим", деб айтган Америка Президенти Барак Обама

Якшанба куни Қўшма Штатлар кучлари Исломобод шимоли-шарқидан 100 чақирим узоқда жойлашган Аббатобод минтақасида буйруқни амалга оширган.

Президентнинг айтишича, "қуролли жанг"дан сўнг Бин Лодин ўлдирилган ва унинг жасади Қўшма Штатлар кучлари тарафидан олиб кетилган.

Унга кўра, амалиёт чоғи америкаликларга зиён етмаган.

Қўшимча маълумотларни ошкор қиларкан, АҚШ юқори мартабали расмийси 40 дақиқа давом этган амалиётларга Американинг кичик ҳарбий гуруҳи жалб этилганини айтган.

Унга кўра, бир вертолёт техник носозлик туфайли ҳалокатга учраган ва Бин Лодиннинг ўғили дохил уч киши ҳалок этилган.