Ливия расмийлари: 'НАТО ҳужуми оқибатида Қаддофийнинг кенжа ўғли ҳалок бўлди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS TV
Image caption НАТО ҳужумига учраган бинони бориб кўрган журналистларнинг хабар беришларича, бинога катта зарар етказилган ва ичкарида бир портламай қолган бомба ҳам бор.

Ливия ҳукумати сўзчисининг айтишича, НАТО ҳужуми оқибатида Муаммар Қаддофийнинг кенжа ўғли Саиф ал-Араб уч фарзанди билан бирга ҳалок этилган.

Расмийга кўра, Муаммар Қаддофийнинг ўзи ҳам ҳужумга тутилган бинолардан бирида бўлган, аммо омон қолган.

НАТО Ливия пойтахтига ҳужум қилинганлиги маълум қилди, аммо Ливия раҳбарининг ўғли ҳалок этилганлиги ҳақидаги хабарларни тасдиқламади.

НАТо сўзчисига кўра, Триполидаги "бошқарув ва назорат қароргоҳи" нишонга олинган.

Генерал-лейтенант Чарлз Баучардга кўра, НАТО ҳарбий нишонларни ҳужумга тутади, алоҳида шахсларни эмас.

Жаноб Баучард Муаммар Қаддофийнинг ўғли ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлардан воқиф эканлигини айтди, аммо хабарни тасдиқламади.

НАТО ҳужумига учраган бинони бориб кўрган журналистларнинг хабар беришларича, бинога катта зарар етказилган ва ичкарида бир портламай қолган бомба ҳам бор.

Саиф ал-Араб Олмонияда таҳсил олаётган эди, лекин Ливиядаги можаролар бошланиши билан отасининг ёнида бўлиш мақсадида Ливияга қайтганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ливия пойтахтидаги муҳим биноалр харитаси

Ливия ҳукумати сўзчиси Мусо Иброҳимнинг айтишича, Саиф ал-Араб турган бино қақшатқич ҳужумга тутилган. Унинг даъво қилишича, НАТО ҳужумидан мақсад "Ливия раҳбарини нишонга олиш" эди.

НАТО ҳужумига учраган Баб ул-Азизия қароргоҳи Қаддофий раҳбарлигининг рамзи бўлиб келган.

Триполи марказида жойлашган бу мажмуа Қаддофий оила аъзоларининг яшаш манзиллари, ҳарбий бараклар ва бир қатор бошқа бинолардан иборат.

Мажмуа марказида 1986 йили АҚШ томондан ҳужумга тутилган собиқ қароргоҳ вайроналари сақлаб қолинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption 1986 йили ҳужумга тутилган Қаддофий қароргоҳи вайронлари сақлаб қолинган.

1986 йилги ҳужумда Муаммар Қаддофийнинг асраб олган қизи ҳалок бўлганлиги даъво қилинганди.

Ливияга қарши ўша ҳужум Олмониядаги дискотекалардан бирига қилинган ҳужумда икки АҚШ генерали ҳалок бўлиб, бу ҳужумда Ливиянинг қўли борлиги айтилганидан сўнг амалга оширилганди.

Ҳужумда вайрон этилган қароргоҳ қайта тикланмаган ва "Матонат уйи" номи остида сақлаб қолинган. Вайроналар ўнгида америка учоғини чангалда шулаб турган катта қўл шаклида ҳайкал барпо этилган.

Охирги бир неча ой мобайнида Муаммар Қаддофий айни ана шу рамзий ҳайкал ўнгида туриб бир неча маротаба халққа мурожаат қилди.