Барак Обаманинг президентлиги Усама бин Лодиннинг ўлими билан ёдда қоладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Биз бин Лодинни ўлдирамиз", дейилган эди - бу мақсадга эришилди. Энди АҚШ Президенти Барак Обаманинг президентлиги шу билан ёдда қоладими? Би-би-си "Нью-Йоркер" ойномаси муҳаррири ҳамда "Барак Обаманинг ҳаёти ва юксакка кўтарилиши" китобининг муаллифи Девид Ремник билан суҳбатлашган. Ундан Усама бин Лодиннинг ўлдирилиши Барак Обаманинг президентлиги даврига тўғри келгани жаноб Обаманинг омади чопганини англатадими, деб сўраган:

Девид Ремник: Америка Қўшма Штатларида қизиқ нарса бор - кўп одамлар фикрича, демократик партия "она партия", Республикачилар эса "ота партия". Республикачилар хавфсизликни, Америка куч-қудратини ошириш мақсадида кўпроқ амал қиладиган, ҳарбийлар, милитаризмни илгари сурадиган партия сифатида билинади. Демократик партия ҳам бу йўналишларда фаолият юритса ҳам, бу партия кўпроқ соғликни сақлаш, ижтимоий таъминот масалаларига кўпроқ эътибор қаратади. Обама ўзининг ваъдасининг устидан чиқди. Обама аксилтеррор амалиётларига онгли, нозик ва якуний самара берадиган ёндашув билан ёндашди. У Ироқдан қўшинларни чиқариш сингари масалаларга шошма-шошарлик қилмади, "Ал-Қоида" раҳбарини йўқ қилиш ҳам фурсат талаб қилишини англади. Қайсидир маънода у гардкам ўйинга ҳам киришди. Бин Лодин яширинаётган жойи ҳақидаги маълумотлар олинганидан кейин миллий хавфсизлик кенгаши раҳбарлари билан катта баҳс бўлгани аниқ. Аммо у совуққонлик билан иш тутди ва бунинг эвазига улкан ғалаба қўлга киритилди.

Би-би-си: Биринчи галдаги вазифа Усама бин Лодинни ўлдириш, иккинчи асосий вазифа қилиб "Ал-Қоида"ни тор-мор қилиш қўйилган эди. Қайтага энди арининг уясини бузиб қўйишмадими?

Девид Ремник: Бажариш мушкул бўлган иш - Усама бин Лодинни ўлдириш эди. Ҳаммага аёнки, "Ал-Қоида" бутун дунёга сочилиб кетган, турли шаклдаги тармоқларга эга ташкилот. Шунинг учун "Ал-Қоида"ни йўқ қилиш учун фақат куч эмас, ақл, юрак ва сабр ҳам талаб қилинади. Баъзан ҳаракат қилишдан кўра, жим кутиб ҳаракатсиз туриш кўпроқ наф келтиради. Ўйлайманки, буни президент Обама яхши англаган. Олдинроқ уни юмшоқ сиёсатчи, деб танқид ҳам қилишган эди. Бу ҳафтадаги воқеа эса, бунинг аксини намойиш этаяпти.

Би-би-си: Охирги пайтда президент Обаманинг Америка халқи орасидаги машҳурлиги тушиб кетди. Сиз нима деб ўйлайсиз, Обаманинг президентлиги шу ҳодиса билан ёдда қоладими?

Девид Ремник: Шуни ёддан чиқармаслик керакки, президент жуда оғир иқтисодий шароитда сайланган эди. Ҳатто, бугунга келиб ҳам вазият ўнгланмаганида фақат президентни айблаш тўғри бўлмайди. Албатта, бин Лодиннинг ўлдирилиши Барак Обама президентлигининг асосий воқеаси бўлиб қолади. Бундан ташқари, Америкада миллионлаб одамларга саломатлик суғуртасидан фойдаланиш имконияти берилгани ҳам муҳим нарсадир.