Швейцария араб давлат раҳбарлари мулкини фош қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳукуматдан ағдарилган араб давлат раҳбарлари кўп бойликларини хорижда сақлашгани ишонилади

Швейцария ҳукумати уч шимолий африкалик давлат раҳбарига тегишли бўлган бир миллиард долларни ошкор қилганини билдирган.

Швейцария ҳукуматига кўра, бу пул ноқонуний бўлиши мумкин.

Ливия раҳбари Полковник Муаммар Қаддофий ва унинг яқинларига тегишли мол-мулк Швейцария Ташқи Ишлар Вазирлиги томонидан 400 миллион долларга тенг дея баҳоланган.

Ҳукумат, шунингдек, Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак ва Туниснинг собиқ президенти Зино ал Обидин бин Алига алоқадор бойликларни фош қилган.

Улар Швейцарияда кўчмас мулк ва нақд пул сақлашгани айтилади.

Ўтган март ойида президентликдан истеъфо берган Муборакнинг Швейцариядаги бойлиги 470 миллион доллар, январ ойида Тунисдан қочган жаноб бин Алиники эса 70 миллион долларга тенг.

Швейцария ҳукумати банкларга уч шимолий африкалик раҳбарга тегишли ҳар қандай мол-мулк ё пулни музлатишга буйруқ берган.

Миср ва Тунисдаги янги ҳукуматлар ўзга мамлакатларда сақланган пулларни мамлакатни қайтариш йўлидаги ҳаракатларни бошлаб юборишган.

Бироқ, кучда қолаётган Қаддофийнинг музлатилган бойликларига нима бўлиши ҳозирча ноаниқ.

Мухбиримизга кўра, Швейцария кўпгина давлат раҳбарлари ва уларнинг оилалари учун хуфёна мол-мулк сақлашга қулай жой деб кўрилган.