Покистон: Дунё Усама бин Лодинни топишнинг уддасидан чиқа олмаган

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гийлонийнинг айтишича, "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодинни топишнинг уддасидан чиқолмаганликда бутун дунё айбдордир.

Бундан сал аввалроқ расмий Исломобод Қўшма Штатларнинг Усама Бин Лодиннинг ўлдирилиши билан ниҳоя топган амалиёт тафсилотларини Покистонга олдиндан ишониб бўлмас эди, деган иддаосини ҳам рад этганди.

Покистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Салмон Башир Би-би-си билан суҳбатда Оқ Уйнинг баёнотини "ташвишли" деб атаган ва Покистон терроризмга қарши курашда марказий рол ўйнашини айтган.

Аввалроқ Марказий Жосуслик Бошқармаси бошлиғи АҚШ амалиётни хавф остига қўйиши мумкинлиги ваъжидан Покистонни олдиндан огоҳ қилмаганини айтган эди.

АҚШ Марказий Жосуслик Бошқармаси директори Леон Панетта "Тайм" журналига берган интервюсида расмий Исломобод аввалдан огоҳ этилмагани, "чунки улар нишонга хабар бериб қўйишлари мумкин" деган хавотир бўлганини маълум қилган.

Би-би-си билан суҳбатда Покистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Салмон Башир жаноб Панетта ўз қарашини изҳор қилишга ҳақли экани, аммо унинг мамлакати террорга қарши урушда Қўшма Штатлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиб келганини урғулади.

- "Ал-Қоида"нинг ҳозирга қадар қўлга олинган барча муҳим одамлари бизнинг жосуслик хизматларимиз томонидан ҳибсга олинган, уларнинг барчаси Покистон шаҳарларида қўлга олинган ва бу менимча, эслашга арзигулик ҳолат. Шунинг учун ҳам вақти-вақти билан эшитилиб турадиган ўзаро ишончсизлик ҳақидаги гапларнинг ҳаммаси нотуғри, деб айтган Покистон мулозими.

Жаноб Башир Покистон, ҳатто, Усама Бин Лодин ўлдирилган Аббаттободдаги мажмуа ҳам бир муддат аввал ISI- Покистоннинг Идоралараро Жосуслик Хизмати томонидан шубҳали иншоот сифатида аниқланганини айтди.

- Бу жойни бизнинг жосуслик хизматларимиз бир муддат аввал АҚШ жосуслик хизматларига билдиришган. Албатта, америкаликлар уни баҳолаш учун яхшироқ жиҳозларга эга. Аммо террорга қарши урушда эришилган ютуқларда Покистон ҳал қилувчи рол ўйнаган, шунинг учун ҳам бу каби шарҳларни эшитиш биз учун ёқимсиз, деб айтган Покистоннинг юқори мартабали дипломати.

Сешанба куни Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон идоралараро жосуслик хизмати - ISI ни ҳимоя қилган ва Американинг ҳаракатларидан "чуқур хавотир" изҳор қилган.

Покистон бир томонлама ҳаракат нормага айланмаслиги кераклигини айтиб, Покистон жосуслик хизматлари сўнгги йилларда АҚШ билан ахборот алмашиб келганини урғулаган. Би-би-сининг Аббаттободдаги мухбирига кўра, агар бин Лодин ҳақиқатан ҳам америкаликлар айтаётгани каби беш йил давомида Аббаттободда яшаб келган бўлса, бу Покистон расмийлари билан боғлиқ жиддий саволларни ўртага чиқаради.

Бин Лодин ўлдирилган уй Покистон Ҳарбий Академиясидан бор-йўғи бир неча юз метр узоқликда жойлашган, холос.

Би-би-си мухбирининг айтишича, Покистон мулозимлари ё етарли маълумотга эга бўлмаганлар, ёки "Ал-Қоида" раҳбарини яшириб келишган.

Айни пайтда Франция Ташқи ишлар вазири Ален Жупе Покистон расмийлари Усама бин Лодин Покистонда яшаб келганидан бехабар бўлганликларига ишониш қийин, деб айтган.

Бу ҳақда у Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гийлоний Парижга ташриф буюриши арафасида гапирган.

Мухбирларга кўра, жаноб Гийлонийдан Францияга сафари чоғида бу борада қийин саволлар сўралишини айтишмоқда.