Сурия: Ҳарбийлар Дераа ишғоли ортидан Банияс шаҳрини қуршаб олишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Суриялик фаолларнинг айтишларича, жанубий Дераа шаҳрининг ишғолидан кун ўтиб, Сурия қуролли кучлари қирғоқбўйидаги Банияс шаҳрини ҳам қуршаб олишган.

Уларга кўра, аскарлар шаҳарга шимол ва жанубдан кириш йўлларини тўсиб қўйишган, ҳукумат яқин-атрофда жойлашган қишлоқлардаги тарафдорларини ҳам қуроллантирган.

Сурияда ҳибсга олинганларнинг сони эса, ҳозирга келиб 1.000 кишига етган.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти, айниқса, Дераа шаҳридаги яраланган ва ҳибсга олинганларга ёрдам беришларига имкон беришларини сўраб, суриялик масъулларга мурожаат билан чиқишган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг айтишларича, президент Башар ал-Ассадга қарши бўлиб ўтаётган давомий аксилҳукумат намойишларида бутун Сурия бўйлаб 560 киши қурбон бўлган.

Сурия ҳукуматининг мавқеи эса, қатъий - намойишчилар сиёсий ислоҳотларга чақираётган оддий фуқаролар эмас, жангари жиноятчилардир.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги "ноқонуний амалларга қўл урган"ларнинг таслим бўлишлари учун 15 майгача муҳлат берган.

Сурия мамлакатда кечаётган беш ҳафталик норозилик чиқишларини бостириш учун янада зўр бермоқда.

Хорижий журналистларнинг Сурияга киришларига изн берилмаётгани учун мамлакатдаги вазиятнинг қандай эканлигини аниқ тасвирлаш қийин.

Араб дунёсидаги энг репрессив ва ҳукуматнинг назорати ниҳоятда кучли бўлган Сурия Ассадлар сулоласи қудратда бўлган ўтган 40 йил бадалида бу каби намойишларга гувоҳ бўлмаган.

Ўтган ҳафта намойишларнинг куч билан бостирилишига норозилик билдириб, бошқарувдаги "Баас" партиясининг юзлаб аъзолари истеъфо беришганди.